Энди кўпроқ пул олмоқчи бўлган ўқитувчилар сараланади

Жамият

image

Халқ таълими вазири жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устамага даъвогар педагогларни саралаш жараёнлари ўтказилади. Бу ҳақда Халқ таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Қайд этилишича, мазкур синов жараёнлари икки босқичда амалга оширилади.

“I босқичда Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан киритилган номзод ўқитувчилар “Бошланғич таълим”, “Аниқ ва табиий фанлар”, “Хорижий тиллар”, “Ижтимоий фанлар” ва “Амалий фанлар”   йўналишлари бўйича бевосита Давлат тест маркази томонидан тегишли ҳудудларда синовдан ўтказилади.

II босқичга ушбу синовларда максимал баллнинг 80 фоизи ёки ундан юқори натижа кўрсатган номзодлар ўтади ва уларнинг касбий маҳорати фаол жамоатчилик вакиллари ва маҳоратли педагоглардан иборат Ишчи гуруҳ томонидан баҳоланади”, дейди Лайло Рустамова.  

Тегишли қонунчиликка асосан таълим сифати кўрсаткичларига кўра, ҳудудлар учун маълум квоталар белгиланган. Бунда умумий ўрта таълим муассасаларининг битирувчи-ўқувчилари томонидан тегишли ўқув йили қабулида олий таълим муассасаларига, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонларида қайд этган натижаларига мувофиқ квота тақсимланади. Ҳозирда ўтказилаётган танловда жами 2000 нафаргача лауреат белгиланиши мумкин. Ушбу квотага ҳар бир йўналиш бўйича тегишли туман (шаҳар) учун белгиланган квота ўрнига кўпи билан учта номзод тақдим этилади.

Шу билан бирга синов натижасида лауреатлар сони квотани тўлдирмаса, келгуси йилда қўшимча номзодлар орасида танлов ўтказилиши мумкин.  

Мазкур турдаги ҳар ойлик устама ҳақи Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг тегишли буйруғи чиққан вақтдан бошлаб 9 ой давомида тўлаб борилади.  

“Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, имтиҳонлар жорий йил 16 декабрь куни барча ҳудудларда бўлиб ўтади. Имтиҳонларнинг ўтказилиш вақти, жойи ва унда иштирок этувчилар рўйхати Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида эълон қилинган”, деб таъкидлади Рустамова.

Соҳиба Комиловна


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

537

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг