Энди кинология маркази хизмат итлари сотилишига рухсат берилиши мумкин
Жамият
−
19 Февраль 2023
6583Кинология марказига тегишли хизмат итларини сотишга рухсат берилиши мумкин. Бу ҳақдаги қарор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
“Ички ишлар органларининг кинология хизматлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилган қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қарорга киритилаётган ўзгаришга биноан, эндиликда ички ишлар органлари кинология бўлинмалари шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли итларни тайёрлаш, уларнинг итларини вақтинчалик кинология бўлинмаларида сақлаш бўйича пуллик хизматлар кўрсатиш, шунингдек етиштирилган ва ўзларининг эҳтиёжидан ортиқ бўлган ҳамда хизматга яроқсиз итларни сотиш ҳуқуқига эга бўлади.
Шу билан бирга, жисмоний ва юридик шахсларга тегишли итларни тайёрлаш, уларнинг итларини вақтинчалик кинология бўлинмаларида сақлаш бўйича пуллик хизматлар кўрсатилиши мумкин.
Қайд этилишича, хизматлар кўрсатиш ва хизмат итларини сотишдан тушадиган маблағлар тўлиқ ҳажмда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Жамоат тартибини сақлаш хизматининг махсус ҳисоб варағига йўналтирилади. Келиб тушадиган пул маблағлар ички ишлар органларининг кинология бўлинмалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ходимларни моддий рағбатлантириш учун белгиланган тартибда фойдаланилади.
Қарор муҳокамаси жорий йилнинг 1 мартига қадар давом этади.
LiveБарчаси