Энди хориждан келган айрим фуқаролар ОИВга мажбурий текширувдан ўтади
Жамият
−
08 Июль 3639 2 дақиқа
3 ой ва ундан ортиқ муддат Ўзбекистондан ташқарида бўлиб қайтган Ўзбекистон фуқаролари ва чет элликлар ОИВга мажбурий тиббий текширувдан ўтади. Бу ҳақда бугун, 8 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.
Қонун лойиҳаси билан “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги қонунига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинган.
Хусусан, қонун лойиҳаси билан узлуксиз 90 кун ва ундан ортиқ муддат давомида чет элда бўлиб қайтган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикага кириб келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни мажбурий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш белгиланмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар ОИВга мажбурий тиббий текширувдан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари эса ўз маблағлари, иш берувчининг маблағлари ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан ўтказилиши назарда тутилмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши инсон саломатлиги учун хавф туғдирувчи юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишга, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга, меҳнат миграцияси жараёнларида ижтимоий хавфсизликни таъминлаш бўйича таъсирчан ҳуқуқий механизмларни шакллантиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинган ва Сенатга юборилган.
Live
Барчаси