Энди хориждан қайтганлар ОИВга тиббий текширувдан ўтказилиши мумкин

Жамият

image

90 кун ва ундан ортиқ муддат давомида чет элда бўлиб қайтган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролар мажбурий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун бугун, 1 август куни Сенатнинг 9-ялпи мажлисида муҳокама қилинди ҳамда маъқулланди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатда меҳнат миграцияси кўлами ортиб, чет элдан қайтган фуқаролар сони кўпаймоқда. Шунингдек, Ўзбекистонга ҳам кўплаб чет эл фуқаролари тижорат, меҳнат қилиш мақсадларида кириб келмоқда. Ушбу тоифадаги шахсларнинг айримлари орасида ихтиёрий ўтказилган текширув натижалари уларда инсон учун хавфли бўлган юқумли касалликлар мавжудлигини кўрсатган.

Хусусан, 2024 йилда узоқ муддат чет элда бўлиб қайтган 1,7 млн фуқаронинг фақат 434 минги ёки 25 фоизи ихтиёрий равишда ОИВ/ОИТСга текширилган. Уларнинг 1512 нафарида бундай касаллик аниқланган. Шунингдек, ўтган йилда 12,7 мингдан ортиқ чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ихтиёрий равишда ОИВ/ОИТСга текширилган ҳамда уларнинг 81 нафари бундай касалликка чалингани аниқланган.

“Инсон учун хавфли бўлган юқумли касалликлар ихтиёрий текширувдан ўтказилган мигрантлар орасида аниқланган, текширувдан ўтмаган мигрантларнинг қанчасида юқумли касалликлар борлиги номаълум. Шу жиҳатдан ушбу қонун долзарб аҳамият касб этади”, дейилади хабарда. 

Маълум қилинишича, қонун билан “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги ва “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, узлуксиз 90 кун ва ундан ортиқ муддат давомида чет элда бўлиб қайтган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистонга кириб келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни мажбурий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш белгиланмоқда.

Қўшимча қилинишича, Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар мажбурий тиббий текширувдан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистонга кириб келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда Ўзбекистонда доимий яшайдиган чет эл фуқаролари эса ўз маблағлари, иш берувчининг ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан ўтказилиши назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, ОИВ/ОИТС ва сил касаллиги аниқланиши Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома беришни рад этиш учун асос бўлиши белгиланмоқда.

“Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни бораётган давлатининг тегишли қонунчилиги, ушбу давлатда бўлиш қоидалари бўйича ўқитишни ташкил этиш мажбурияти хусусий бандлик агентликларига бериладиган лицензия шартларидан бири этиб белгиланмоқда”, дея қўшимча қилинади Сенат хабарида. 

Сенаторлар томонидан ушбу қонун инсон учун хавфли бўлган юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишга, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга, меҳнат миграцияси жараёнида ижтимоий хавфсизликни таъминлаш бўйича таъсирчан ҳуқуқий механизмларни шакллантиришга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилган ҳамда муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат ОИВ ОИТС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг