Энди Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари экологияга зарар етказганларни жавобгарликка тортади
Жамият
−
01 Июнь 2023
4614Бугун, 1 июнь куни бўлиб ўтган Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлисида “Экология ва жамоат тартибини сақлаш соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Матбуот хизмат хабар берди.
Маъқулланган қонунга кўра, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқбузарликлар содир этган айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун Ички ишлар ва Миллий гвардия органларига зарур ваколатлар берилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Унга кўра, Ички ишлар ва Миллий гвардия органларига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда белгиланган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги 7 та моддада назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар белгиланди. Ушбу ишларни кўриб чиқишга ҳамда жарима тариқасидаги маъмурий жазо қўллашга ҳақли бўлган мансабдор шахслар, шунингдек, Ички ишлар ва Миллий гвардия органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузишга ҳақли бўлган ушбу органлар тузилмаларининг мансабдор шахслари белгиланди.
Шунингдек, ички ишлар ва миллий гвардия органлари мансабдор шахсларига экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги баъзи ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ваколати берилмоқда.
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзилла Норбоева экология ва атроф-муҳитга етказилган зарар учун жавобгарлик кучайтирилишини айтиб ўтди.
“Жавобгарликни сўзсиз таъминлаш учун аниқ механизмларни ҳам белгилаб бериш зарур. Зеро, айбдор шахсларга нисбатан ўз вақтида жавобгарлик чораларини қатъий қўлланилмаслиги уларда қонун талабларига беписандликни ва қонунчиликда белгиланган “жавобгарликнинг муқаррарлиги” принципи бузилишини ҳам келтириб чиқаради”, дейди Сенат Раиси Танзилла Норбоева.
Нурмуҳаммад Файзуллаев
LiveБарчаси