Энди айбланувчи ёки судланувчининг паспорти амал қилиши тўхтатиб қўйилганда, ўрнига янги ҳужжат берилади

Жамият

image

Эндиликда Ўзбекистонда суд ажрими билан амал қилиши тўхтатиб турилган паспорт ўрнига янги паспорт бериш тартиби жорий қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг кеча, 26 январь куни имзоланган ПФ-6146 фармонида сўз боради. Фармон билан айрим ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. 

Фармонга кўра, эндиликда паспорт бериш учун “Давлат божи тўғрисида”ги қонуни билан белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади (илгари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда давлат божи ундирилган).

Фармон билан, суд ажрими билан амал қилиши тўхтатиб турилган паспорт ўрнига янги паспорт бериш тартиби жорий қилинмоқда.

Қидирувда бўлган айбланувчи ёки судланувчи республика ҳудудида ушланган тақдирда суд ажрими билан амал қилиши тўхтатиб турилган паспорт ички ишлар органлари ёки чегара назорати бўлинмалари томонидан маълумотларни йиғиш пунктига йўқ қилиш учун жўнатиш мақсадида олиб қўйилади ва унга паспорти олиб қўйилганлиги ҳақида далолатнома берилади.

Вақтинча хорижда бўлган паспортининг амал қилиши тўхтатиб турилган айбланувчи ёки судланувчи Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномасини олиш учун Ўзбекистоннинг консуллик муассасасига мурожаат этганда унинг паспорти олиб қўйилади ва унга бу ҳақида далолатнома берилади. Олиб қўйилган паспортни йўқ қилиш учун Ташқи ишлар вазирлиги орқали маълумотларни йиғиш пунктига юборилади.

Суд ажрими билан паспортининг амал қилиши тўхтатиб турилган айбланувчига ёки судланувчига янги паспорт маълумотларни йиғиш пункти томонидан ушбу бандда кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб 10 кун ичида берилади.

Бунда янги паспортни олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

•    белгиланган шаклдаги ариза;
•    процессуал мажбурлов чораси бекор қилинганлиги ҳақидаги тасдиқланган қарор нусхаси;
•    давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция.

Суд ажрими билан паспортининг амал қилиши тўхтатиб турилган айбланувчи ёки судланувчи паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди.

Тергов ҳибсхоналари ёки вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида сақланаётган шахсга янги паспорт расмийлаштириш ушбу шахслар сақланаётган жойга борган ҳолда амалга оширилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент фармони паспорт

Баҳолаганлар

22

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг