Энди аскиячиликни ривожлантириш учун бюджетдан миллиардлаб маблағ ажратилади
Жамият
−
13 Июль 2023
4019Марғилонда Маданият ва туризм вазирлиги тизимида давлат муассасаси шаклида Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги республика аския ва қизиқчилик санъати маркази ташкил этилади ҳамда бу марказни молиялаштириш учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 11 июль куни имзолаган “Республикада миллий аския ва қизиқчилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида айтилган.
Қарорга кўра, Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида Маданият ва туризм вазирлиги тизимида давлат муассасаси шаклида Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги республика аския ва қизиқчилик санъати маркази ташкил этилади. Марказнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ижодкорлари ижтимоий шароитини яхшилаш мақсадида вилоят ҳокимлиги Марказни сақлаш ва унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун маҳаллий бюджетдан 2023 йилда 2,3 миллиард сўм, 2024 йилдан бошлаб эса марказ талабномаси асосида зарур маблағлар ажратади. Акциядорлик компанияси томонидан 2023 йил учун 5 миллиард сўм ҳомийлик хайрияси ҳамда келгуси йилларда ҳам ҳомийлик хайриялари ажратиб борилади.
Шунингдек, ҳар йили аския ва қизиқчилар жамоаларининг маҳаллий гастрол сафарлари, республикадаги маданият марказлари, маданият ва санъат йўналишидаги таълим ташкилотларида аския ва қизиқчилик санъати тўгараклари ва ижодий жамоалари ҳамда уларнинг жамоатчилик учун ҳар йили ҳисобот концертлари ташкил этилади.
Шу жумладан, давлат маданият ташкилотлари штат бирликларининг сонини мақбуллаштириш ҳисобига марказга 12 та штат бирлиги ажратилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда ҳар йили сўз усталари ва қизиқчилар ўртасида “Хуш кайфият” республика кўрик-танлови ҳамда аския кечалари, бундан ташқари аския ва миллий қизиқчилик санъатини жаҳон миқёсида тарғиб қилиш мақсадида ҳар икки йилда бир марта “Табассум” халқаро кулги фестивали ўтказилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь