Энди “Ал-Азҳар”да фақат Дин ишлари бўйича қўмита тавсияси билан ўқиш мумкин бўлади
Жамият
−
24 Июнь 2021
5098Жорий йилдан бошлаб ўзбекистонликлар Миср Араб Республикасида жойлашган “Ал-Азҳар” таълим мажмуасининг барча муассасаларига фақатгина Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тавсияси асосида қабул қилинади. Бу ҳақда қўмитанинг маълумотида айтилган.
Қайд этилишича, “Ал-Азҳар” таълим мажмуасининг барча муассасаларига Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қабул қилиш бўйича мурожаатлари жорий йил учун 2021 йил 25 июнь кунидан – 15 июль кунигача (кейинги йиллар учун (йил давомида) 1 августдан кейинги йил 30 июнь кунига қадар) Маслаҳат кенгаши (Дин ишлари бўйича қўмита) томонидан қабул қилинади.
“Ал-Азҳар” таълим мажмуасида ўқиш истагида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Маслаҳат кенгашига қуйидаги ҳужжатларнинг нусхаларини тақдим этиши лозим:
1. Ариза (намуна бўйича)
2. Фуқаролик паспорти ёки (ID) карта нусхаси;
3. Умумий ўрта таълим (11-синф негизида шаҳодатнома, аттестат), ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ёки олий таълим муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат;
4. Фуқаронинг шахсий маълумотномаси (намуна бўйича намуна тулдириш шакли) ва таржимаи ҳоли (эркин шаклда).
Маълумот учун, мурожаатлар Маслаҳат кенгаши Ишчи гуруҳи томонидан жорий йил 16-30 июль кунлари (кейинги йилдан 1-30 июль кунлари) кўриб чиқилади ҳамда Ишчи гуруҳи билан ўтказилган суҳбат натижасига кўра “Ал-Азҳар” таълим мажмуасида ўқишга тавсия этилган фуқаролар рўйхати тавсия хати асосида Миср Араб Республикаси “Ал-Азҳар” мажмуаси институтлари департаменти администрациясининг электрон манзилига юборилади.
Мурожаатлар Ишчи гуруҳ томонидан (манзил: Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, А.Навоий кўчаси, 12-уй. Тел: (71) 239-43-73)да ҳафтанинг душанба-жума кунлари соат 9:00 дан 18:00 гача қабул қилинади.
LiveБарчаси