Энди 200 кВтдан ошиқ истеъмол қилинган “свет”нинг ҳар бир кВтга 7500 сўмдан тўланадими?

Жамият 36803
image
-

Ижтимоий тармоқларда бир ойда аҳоли қанча электр энергияси истеъмол қилиши ва истеъмол қилинган 200 кВтдан ошиқ электр энергиясининг ҳар бири кВт учун 7500 сўмдан пул тўланиши белгиланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ушбу маълумотга изоҳ бериб, хабар ёлғон эканини маълум қилди. 

“Айрим ижтимоий тармоқларда “1 ой давомида фойдаланилган электр энергиясининг 200 кВтдан ортган қисми учун фойдаланилган ҳар бир кВт электр энергиясига 7500 сўм миқдорида тўловлар амалга оширилади” мазмунида хабар тарқатилмоқда.

Ҳурматли истеъмолчилар, ушбу маълумот мутлақо ёлғон ҳисобланиб, бу каби тасдиқланмаган хабарларга ишонмаслигингизни сўраймиз.

Шуни қўшимча қиламизки, айни кунларда аҳоли ва иқтисодий тармоқларини сифатли ва узлуксиз электр энергияси ҳамда табиий газ билан таъминлаш мақсадида энергетика соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархлари ва тарифларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси иш жараёнида ва ҳужжатнинг лойиҳаси муҳокама учун regulation.gov.uz га жойлаштирилади ва барчанинг фикр ва таклифлари кўриб чиқилади.

Шу билан бир қаторда, ижтимоий тармоқ админларидан бу каби асоссиз ва тасдиқланмаган хабарларни тарқатганлик учун тегишли қонунчилик ҳужжатларида жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтамиз”, дейилади Энергетика вазирлиги расмий баёнотида.

Маълумот учун, бугун, 27 май куни соат 19:30 да QALAMPIR.UZ'нинг YouTube каналида Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев энергетика соҳасидаги ислоҳотлар, кутилаётган нарх ошиши каби мавзуларда эксклюзив интервью тақдим этилади. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1158
Рейтинг: 3
t
×