Энди 15 ёшдан кичик мактаб ўқувчилари ҳам қонуний ишлай олади
Жамият
−
03 Ноябрь 2022
10104Эндиликда ўн беш ёшга тўлмаган шахслар билан ҳам қонуний меҳнат шартномасини тузишга йўл қўйилади. Ушбу норма Меҳнат кодексининг янги таҳрири 118-моддасида назарда тутилган.
“Маданий-томоша ташкилотларида, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида, шунингдек профессионал спортчилар билан ота-онанинг ҳар иккисининг (ота-она ўрнини босувчи шахснинг) розилиги ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан, соғлиғига ва маънавий камол топишига зиён етказмасдан асарларни яратиш ва (ёки) ижро этишда (кўргазмага қўйишда) иштирок этиш учун ўн беш ёшга тўлмаган шахслар билан меҳнат шартномасини тузишга йўл қўйилади.” дейилади мазкур моддада.
Шунингдек, кўрсатилган ёшга тўлган шахслар қабул қилиниши мумкин бўлган ишлар, касблар, лавозимлар рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
“Ходимнинг номидан меҳнат шартномасини унинг ота-онаси (ота-онасининг ўрнини босувчи шахс) имзолайди. Васийлик ва ҳомийлик органининг рухсатномасида ҳар кунлик ишнинг энг кўп йўл қўйиладиган давомийлиги ҳамда иш бажарилиши мумкин бўлган бошқа шартлар кўрсатилади”- деб ушбу моддада қўшимча қилинади
Маълумот учун, ҳозир амал қилаётган Меҳнат кодекси 77-моддасига кўра таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтда бажариш учун ўн беш ёшга тўлгандан кейин ота-онасидан бирининг руҳсати билан ишга қабул қилиноларди.
Эслатиб ўтамиз, Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2023 йилнинг 29 апрелидан кучга киради
Ҳозирда эса бундан 27 йил олдин, 1995 йилнинг 21 декабрь санасида қабул қилинган Меҳнат кодекси амал қилмоқда.
Самандар Ҳаққиев
LiveБарчаси