Энди 10-11 синф ўқувчилари ўзлари хоҳлаган фанни ўқиши мумкин

Жамият

image

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида босқичма-босқич 10-11-синф ўқувчилари 2 та танлов фанини (кимё-биология, математика физика, тарих-ҳуқуқ, она тили ва адабиёт-чет тили) танлаш имкониятига эга бўлади.

Бу ҳақда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида назарда тутилган.

Унга кўра, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида босқичма-босқич ўқувчиларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шунингдек, уларда коммуникатив кўникмалар, танқидий ва креатив фикрлаш, ҳамкорликда ишлаш, тадқиқотчилик каби кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган 
янги ўқув дастурлари амалиётга киритади.

Янги ўқув дастури бўйича 10-11-синф ўқувчилари ўқийдиган 14 та мажбурий фанлар 8 тага қисқартирилади. Шу пайтгача 14 та фаннинг ҳафталик юкламаси 31 соатни ташкил этиб, такомиллаштирилган ўқув режа асосида 
ушбу юклама ҳам қисқартирилади.

Бундан ташқари, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар)нинг биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилиши белгиланган.

“Натижада, 76 та мактабда француз тили, 76 тасида немис, 37 тасида инглиз, 10 тасида корейс, 6 тасида хитой ва 3 тасида япон тиллари иккинчи хорижий тил сифатида ўқитилади. Шунингдек, ўқувчилар 10-синфдан бошлаб 64 та ишчи касблар, 21 та соҳада тадбиркорликка, 10 та IT ва “креатив индустрия” йўналишидаги касбларга ўргатилади. Ушбу жараёнга ёшлар етакчилари ва ҳудуддаги таниқли тадбиркорлар жалб қилинади”, дейилган дастурда.

Бунда шунингдек:
умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-4 синфларида ўқувчиларни илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган дарсликлар бўйича ўқитиш;
5-9-синфларда ўқувчиларга умумтаълим фанларидан таянч билимлар бериш;
10-11-синф ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилиятига мос бўлган ихтисослашган дастурлар асосида билим бериш амалиёти жорий қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлат дастурига кўра эндиликда бошланғич синф ўқувчилари бепул тушлик билан таъминланиши ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг