Экология қўмитаси Трампнинг сўнгги қарорларидан бирига муносабат билдирди

Жамият

image

Хабарингиз бор, АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп ваколат муддати тугаши арафасида Қашқадарё вилояти Хонобод шаҳридаги АҚШ ҳарбий базасида 2001-2005 йилларда хизмат қилган америка харбийлари жанговар ҳаракатлар ўчоғида иштирок этгани сабабли онкологик касалликларга учрагани учун уларга унвонлар ва қўшимча васийлик белгилаш тўғрисида қарор чиқарганди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Хонобод аэродромида радиация ва токсик нурланиш борлиги ҳақидаги хабарларга муносабат билдириб, бу бўйича ўрганиш бошланганини маълум қилди. Бу ҳақда Қўмита раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов матбуот анжуманида яқин кунларда бу ҳақда маълумот берилишини таъкидлади.

“Бироз орқага қайтадиган бўлсак, пахта ва ғалла соҳасида бизда жуда катта плантациялар бўлган. Шу боис ҳудудларда кичик аэродромлар ҳам бўлган, уларда эса самолётда пахта устига сепиладиган кимёвий моддалар бўлган.

Кичик аэродромлар орқали парвоз қилган кичик самолётлар дала устидан кимёвий моддаларни сепишган. Адашмасам, бизда 17 та кимёвий полигонимиз бор, ундан ташқари 33 та кимёвий полигонларни рекультивация қилиб ёпдик”, дейди Боқижонов сўзи аввалида.

У америкалик ҳарбийлар жойлашган ҳудудга кириш имконияти бўлмаганини, шу сабабли у ернинг ҳавоси таҳлилларини юритилмаганини ҳам айтиб ўтди. Маълум бўлишича, ҳарбий ҳудудда ҳам самолётларнинг далаларга кимёвий модда сепиши учун мўлжалланган аэродром бўлган.

“АҚШ ҳарбийлари жойлашган Хонобод аэродроми – ҳарбий ҳудуд, қўриқланадиган зона бўлгани учун у ерга кириш имкониятимиз бўлмаган. Шу сабабли ҳудуднинг экологик таҳлилини ёки ҳолатини шу пайтгача ўргана олмаганмиз. 2001 йилдан бошлаб ушбу ҳудуд ҳарбийларнинг ҳисобида тургани боис аниқлик кирита олмаганмиз.

Билишимизча, ўша ерда ҳам худди шунақа кимёвий дорилар ортилган самолётлар учун мўлжалланган аэродром бўлган экан. Яъни инсоннинг нафас йўлларига таъсир кўрсатадиган даражада далаларга дорилар сепишга жалб этилган аэродром бўлган.

Биз, ўзимизнинг лабораторияларимизда, у ерни ўрганиш ишини бошлаганмиз. Ҳақиқатда шу нарса бўлганми ўша ерда, айтилаётган гаплар ҳақиқатми-йўқми, шунга аниқлик киритмоқчимиз. Ўша бўйича иш олиб боряпмиз ва яқин кунларда бу ҳақда маълумот берамиз” дея вазиятга изоҳ берди қўмита вакили.

Маълумот учун, Америкада К2 деб аталувчи Қарши-Хонобод ҳарбий базаси 2001 йил 11 сентябрь терактларидан кейин Афғонистонда терроризмни йўқотиш учун Вашингтон бошчилигидаги халқаро коалиция кучларига операция ўтказиладиган муддатга фойдаланишга берилганди.

2001–2005 йилларда ушбу аэродромда хизмат қилган 15 777 нафар америкалик ҳарбий хизматчининг 75 фоизи, яъни 11 832 нафари саратон ва бошқа касалликларни орттиргани айтилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Хонобод базаси

Баҳолаганлар

135

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар