Экологик партия номзоди Ҳамзаев Президент бўлса нималар қилмоқчилгини айтди

Жамият

image

Бугун, 30 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Экологик партиясининг навбатдан ташқари IV съезди бўлиб ўтди.  Қурултойда Ўзбекистон Экологик партиясидан Президентликка номзод ҳамда номзоднинг дастури тасдиқланди. Бу ҳақда партиянинг матбуот хизмати хабар берди.

Съездда Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод сифатида партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Ҳамзаев Абдушукур Худойқулович номзоди қўллаб-қувватланган. Шунингдек, сездда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан президентликка номзоднинг дастури тўғрисидаги масала ҳам атрофлича муҳокама қилинган.

Номзод дастурида мамлакатда иқтисодиётни ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор ташаббуслар илгари сурилган. Хусусан, пестицидлардан фойдаланишдан воз кечишга йўналтирилган “Яшил Ўзбекистон – 2030” дастурини ишлаб чиқиш, “Яшил виза” дастурини жорий этиш, тармоқлар ва ҳудудларнинг “яшил иқтисодиётга ўтиш индекси”ни ишлаб чиқиш, юк ташишни йирик машиналардан темир йўлларга ўзгартиришга қаратилган чоралар алоҳида эътироф этилган.Хусусан, ижтимоий соҳада давлат стоматологик клиникаларини ривожлантириш, шаҳарлар Бош режаларини тузишда камида 30 фоизли яшил майдонлар яратиш талабини мустаҳкамлаш, шаҳарсозлик фаолиятида жамоатчилик назоратини кучайтириш, норматив ҳужжатларни қабул қилишда атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш, бир марталик ишлатиладиган пластик ва полиетилен таркибли идишлардан фойдаланишдан босқичма-босқич воз кечиш, электрон сигаретларни мамлакатга олиб киришни таъқиқлаш, 2030 йилдан бошлаб мамлакатда ички ёнув двигателли енгил автомобилларни сотишни ҳамда четда олиб киришни таъқиқлаш каби ташаббуслар илгари сурилган.

Дастур муҳокамаси жараёнида, шунингдек, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган таклифларга тўхталиган. Хусусан, экологик қонунчиликни кодификация қилиш орқали Экология, Сув, Ўрмон кодексларни қабул қилиш, “Чиқиндилар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонунни ҳамда “Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш тўғрисида”ги дастурни қабул қилиш, экологик суғурталаш тизимини ривожлантириш, малакали юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, эколог-ҳуқуқшуносларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, барча тизимдаги давлат идоралари фаолиятида, тендерларда, давлат харидларида очиқлик ва шаффофликни кенгайтириш чораларини кучайтириш, маъмурий органлар томонидан жарима қўллашни қисқартириб, судларга кенгроқ ваколат бериш, йўл ҳаракати хавфсизлигини фақат қонун асосида тартибга солишни йўлга қўйиш ўрин олган.

Бундан ташқари, давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги таклифлар ҳам эътироф этилган. Жумладан, давлат экологик сиёсатининг устувор йўналишларини белгилашга қаратилган “Барқарор экологик ривожланиш стратегияси“ни қабул қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш истиқболларини белгилашга қаратилган “Яшил энергетика стратегияси”ни қабул қилиш, сувдан самарали фойдаланиш ва унинг маҳсулдорлигини оширишга қаратилган Миллий дастурни ишлаб чиқиш, қатор халқаро ҳужжатларга аъзо бўлиш каби таклифлар шулар жумласидандир.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг