Экофаол ёки бузғунчи? Хорижда санъат асарларини “дабдала” қилаётганлар ким?

Олам

image

Экофаол деган тушунча жамият онгида ҳамиша табиятга ва атроф муҳитга зарар етказилишига қарши курашувчи шахс сифатида намоён бўлади. Улар табиат неъматларини ва сайёрани борича асраб қолиш учун курашади. Аммо жорий йилнинг февраль ойидан намоён бўлаётган “Just Stop Oil” (Фақат нефтни тўхтатинг) ҳаракати, экологик муаммоларга одамларнинг эътиборини қаратиш учун бузғунчи ҳаракатлардан фойдаланмоқда. Бошланишига безорилар сифатида ҳеч ким жиддий қаратмаган ҳаракат бугунга келиб ОАВнинг диққатини торта бошлади. Айримлар уларнинг жойи қамоқда деса, бошқалар уларни иқлим ўзгаришларига қарши курашаётган жонкуярлар сифатида эътироф этмоқда.

Гап шундаки, Буюк Британияда юзага келган ва ўзларини экофаол дея иддао этаётган ҳаракат, Британия ҳукуматидан ёқилғи қазиб олиш учун янги нефть қудуқларини лицензиялаш ва ишлаб чиқаришни тўхтатишни талаб қилмоқда.

Даставвал, 30 кишидан иборат намойишчилар гуруҳи, 15 март куни Британия кино академиясининг тақдирлаш маросими (БАФТА)да машҳур киноижодкорларни иқлим ҳақида гапиртирмоқчи бўлди. Улар қизил йўлак бўйлаб йўналишни тўсишга, ҳаракат ёзувларини намойиш этишга ва тутун чиқарувчи мосламалардан фойдаланишга улгурди. Аммо полиция ходимлари тартибни сақлашнинг уддасидан чиқди.

Ҳаракат иштирокчилари март ойи давомида Арсенал, Эвертон, Тоттенхэм, Вулверхэмптон футбол клубларининг уй учрашувларида ўйинни тўхтатиб қўйишга уринди.

Апрель ойида ёқилғи қуйиш шохобчаларини, нефть маҳсулотларини етказиб берувчи юк автомобиллари йўлини тўсиб қўйишди.

3 июль куни гуруҳ аъзолари “Формула-1” пойгаларининг Британия гран-приси вақтида асфальт йўлга чиқиб ўтириб олишди. Бу ҳолат пойга вақтидаги тўқнашув туфайли юзага келган танаффусда юз бергани учун ҳеч ким жабрланмади ва намойиш иштирокчилари ҳибсга олинди. “Формула-1” президенти Стефано Доменикали бундай усулдаги намойишларни қаттиқ танқид қилди.

2022 йил июль ойидан эътиборан “Just Stop Oil” тарафдорлари санъат галереяларидаги асарларни нишонга олишни бошлади. Уларнинг биринчи ўлжаси Жон Констебл 1821 йилда чизган “Пичан араваси” асари бўлди. Икки нафар экофаол девордаги суратни бошқа фотосурат билан ёпиб, бу Ернинг келажакдаги фожиали кўриниши бўлиши мумкинлигини айтди. Улар полиция томонидан ҳибсга олинди, сурат эса реставраторлар томонидан текширувга жўнатилди.

5 июль куни уларнинг бир гуруҳи Қироллик санъат академиясида Леонардо да Винчининг “Сўнгги кечки овқат” асари остидаги деворга пуркагич ёрдамида No New Oil (Янги ёқилғиларга йўқ) деб ёзиб қўйди.

Улар 26 август куни Лондон марказидаги еттита ёқилғи қуйиш шохобчасини тўсиб қўйди ва АЁҚШдаги техник жиҳозларга зарар етказди. Жами 43 киши бузғунчилик айби билан ҳибсга олинди.

14 октябрь куни “Just Stop Oil” намойишчилари Буюк Британия миллий галереясидаги Винсент ван Гог томонидан 1888 йилда чизилган “Кунгабоқарлар” асарига помидор шарбатини сепди. Оқибатда рамкага озгина зарар етган, аммо, сурат шикастланмаган.

24 октябрь куни “Just Stop Oil” ҳаракатининг икки нафар иштирокчиси мадам Тюссо музейидаги қирол Чарльз III нинг мум ҳайкалига торт улоқтирди. Шундан сўнг улар музей ташриф буюрувчиларига иқлим ўзгариши ҳақида гапириб, нефть ва газ қазиб олишни тўхтатишни талаб қилди.

“Just Stop Oil” ҳаракати амалга ошираётган бузғунчиликлар бошқа экофоалларни ҳам илҳомлантирмай қолмади. 23 октябрь куни Германиянинг Потсдам шаҳрида “Letzte Generation” (Сўнги авлод) экологик ҳаракатининг икки аъзоси рассом Клод Моненинг “Пичанзор” асарига картошка пюресини сепди ва қўлларини деворга елим ёрдамида ёпиштириб, ўз қилмишларига сабаб сифатида иқлим муаммоларини келтиришди.

“Одамлар очликдан, совуқдан ўлмоқда. Биз иқлим фалокати остонасида яшаяпмиз. Олимларнинг айтишича, 2050 йилда биз оиламизни боқолмаймиз. Биз овқат учун курашишимизга тўғри келаётган бир вақтда бу сурат ҳеч қандай қийматга эга эмас”, деди улар

Бу йўсиндаги ҳаракатларга қарши энг самарали воситани немислар топди. Ўзларини “Scientist Rebellion” (Олимлар қўзғолони) дея номлаган яна бир экофаоллар гуруҳи “Volkswagen” компанияси музейидаги автомобиль атрофига елим орқали қўлларини ёпиштириб, очлик эълон қилди. Акциядан мақсад автомобиллар атроф-муҳитни ифлослантираётганига одамларнинг эътиборини қаратиш эди. Ҳодимлар намойишчиларни олиб кетиш учун полицияга қўнғироқ қилмади, балки иш вақти тугаганидан сўнг чироқлар ва иситиш тизимини ўчириб, музей эшикларига қулф илиб кетишди. Бундан эътиборсизликдан тушкунликка тушган ҳаракат иштирокчилари эртаси куни овқат ва тиббий ёрдам сўраган.

Ушбу экофаоллар томонидан амалга оширилаётган турли бузғунчилик ҳаракатларининг бири иккинчисига уланишдан тўхтамаяпти. Уларга ҳозирча фақат маъмурий жазолар қўлланилмоқда.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

46

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг