Эгизакларга ҳомиладор хотинини бўғиб ўлдирган эркакка ҳукм ўқилди
3-саҳифа
−
23 Февраль 2023
14814Тошкент шаҳри Чилонзор туманида ҳомиладор хотинини бўғиб ўлдирган эркак 18 йилга қамалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Қайд этилишича, марҳума мунтазам равишда эри билан жанжаллашиб, унинг яқинларини ҳақоратлаб келган. Бунинг оқибатида эркак аёлининг гапларини ўзининг эркаклик ғурурига тегган деб ҳисоблаб, уни қасддан ўлдириш ниятида бўлиб юрган.
Аниқланишича, 2022 йилнинг октябрь ойида соат тахминан 12:00 ларда Чилонзор туманида жойлашган 20-мавзенинг чиқинди йиғиш майдончасидаги 1 хонали хонадонда эркак аёлининг ёлғизлигидан фойдаланиб, ўйлаб юрган жиноятини амалга оширган. Эр хотинининг ҳомиладор эканига қарамасдан қўллари билан бўғиб, ўз турмуш ўртоғини қасддан ўлдирган.
Ушбу ҳолат юзасидан жиноят ишининг қўзғатилишига хонадондан аёлнинг жасади қотиллик аломатлари билан топилиши сабаб бўлган.
Суд тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, аёлнинг ўлими – бўйин аъзоларини қаттиқ ўтмас жисм билан сиқилишидан келиб чиққан механик асфикциядан юз берган. Бўйин соҳаси шилинмаси, қонталаш ва юмшоқ тўқималарига қон қуйилиши аниқланган. Ушбу жароҳатлар унинг ҳаётлигида, ўлимидан бироз олдин қаттиқ жисм билан урилгани оқибатида ҳосил бўлган.
Маълумотларга кўра, марҳуманинг эри муқаддам 2020 йилда “Қасддан баданга енгил шикаст етказиш” жиноятини содир қилиб судланган.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилган шахс 18 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
LiveБарчаси