Ёғ, гўшт ва картошка импорти учун берилган ҚҚС имтиёзи узайтирилади

Жамият

image

Ўсимлик ёғи, гўшт ва картошка маҳсулотлари импорти ҳамда реализацияси учун қўшимча қиймат солиғидан (ҚҚС) берилган имтиёзлар муддати узайтирилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев маълум қилди.

Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш ҳамда ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланмаларни ҚҚСдан озод қилишга оид амалдаги имтиёзлар муддати 2022 йил 31 декабргача узайтирилади.

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан 2022 йил 31 декабрга қадар гўшт (мол, қўй), тирик ҳайвонлар (мол, қўй) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотлар, шунингдек картошкани Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ҳамда уларни реализация қилиш бўйича айланмаларни ҚҚСдан озод қилиш таклиф этилмоқда. 

Жаҳон Банки экспертлари фикрича, Украинадаги вазият туфайли бутун дунёда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари охирги 50 йилда кузатилмаган рекорд даражада ошиши кутилмоқда. Aйниқса, ўсимлик ёғига бўлган глобал талабни 60 фоиз Украина ва Россия экспорти ҳисобига қондирилиши ҳисобга олинса, дунё бозордарида ўсимлик ёғи нархлари йил давомида камида 30 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. 

“Табиийки, бундай ҳолатда ўсимлик ёғи, шунингдек гўшт ва картошка маҳсулотлари импортига нисбатан ҚҚС имтиёзлари берилиши аҳолимизни асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўлақонли қондириш ҳамда ушбу маҳсулотлар нархларини бозорларда барқарор сақлашга хизмат қилади”, дейди Ғаниев.

Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг эртага, 29 апрель куни ўтказиладиган ялпи йиғилишида кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қабул қилинган тақдирда, Сенатнинг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқиш учун юборилиши кутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

ҚҚС

Баҳолаганлар

57

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг