Эҳтиёт бўлинг, “Георгий лентаси”!

Таҳлил

image

Бу кунда келажак авлод тинчлиги йўлида қурбон бўлганлар хотирланади. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фахрийлар ҳолидан хабар олинади. Шу тариқа мозийга назар солиниб, тинчлик неъмати улуғланади.

Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни, умумхалқ байрами ана шундай кенг нишонланади.

Айниқса, ғалабага муносиб ҳисса қўшган уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган эътибор бутун халқимизни хурсанд қилмоқда. Ўтган йилларда уларга бериладиган пул миқдори сезиларли даражада оширилиб, бу йил унинг миқдори 7 миллион 500 минг сўм (900 доллар)ни ташкил этгани, бир нафар ҳамроҳи билан Ҳаж зиёратига юборилгани, Кисловодск шаҳридаги Ўзбекистон санаторийсига ва мамлакатимиз санаторийларига бепул даволаниши ташкил этилгани ва бошқа ғамхўрликларни халқимиз миннатдорлик билан эътироф этмоқда.

Аммо яқин уч-тўрт йилдан буён мамлакатимизда 9 май арафасида “Георгий лентаси”ни тарқатиш акцияси ўтказилмоқда. Бу ишга бош қўшаётган фуқароларимиз бу лента аслида қандай маъно англатишидан бехабар бўлиб, ўз хатти-ҳаракатини Иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба билан боғламоқда.

Хўш, аслида-чи?

Георгий лентаси ўзи нима? Унинг иккинчи жаҳон урушига, ғалабага қандай алоқаси бор?

“Георгий лентаси” уч қатор қора ва икки қатор тўқ сариқ рангдан иборат боғич. Бу ранглар нимани англатиши ҳақида турли қарашлар бор.

Тарихдан маълумки, Екатерина II 1769 йилнинг 26 ноябрида рус-турк уруши даврида авлиё Георгий ордени ва тасмасини жорий этади. Орден ва тасма билан илк бор шу урушда жасорат кўрсатган рус ҳарбийлари мукофотланган. Шу тариқа рус ҳарбийларининг орденлари ана шу боғич билан безатиладиган бўлди.

Бу одат чор Россиясининг Туркистон ўлкасига босқинчилик юришлари даврида бошқача маъно касб этди. Хива хонлиги, Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлигини босиб олган рус зобитлари ва генераллари учун махсус – “Қўқон хонлигини забт этгани учун”, “Марказий Осиёга юриши учун”, “Хива хонлигига юриши учун” каби медаллар таъсис этилди.

Медаль ва уни безаб турган “Георгий лентаси” мардлик ва жасорат кўрсатилгани учун эмас, аксинча айнан босқинчилик қилгани, бизнинг уйимизни, Она Ватанимизни булғагани, вайронага айлантиргани учун мустамлакачи чор Россиясининг ҳарбийларига берилган.

Марказий Осиёни босиб олишда чор Россияси ҳар қандай хунрезликдан, разилликдан қайтмагани тарихдан маълум. Шаҳар ва қишлоқларимизнинг кули кўкка совурилгани, бегуноҳ одамларнинг қони дарё-дарё оқизилгани, уйларга ўт қўйилгани, эркак зоти борки, ваҳшийларча ўлдирилиб, аёллар хўрлангани, қул қилингани, зўрлангани, номуси булғангани, ҳатто болалар чавақлаб ташлангани, ҳомиладор аёлларнинг қорни қилич билан ёриб ташланиб, ҳомиласи ҳам, ўзи ҳам жон таслим қилгани ҳақида тарихий далиллар истаганча топилади. Тарих тарих бўлиб, одамзот яратилиб бундай зўравонлик, вахшийликни, хўрликни кўрмаган, деб ёзади айрим тарихчилар.

Халқимиз бошига балолар ёғдирган, офат, кулфат, мусибат келтирган ана шу “қаҳрамон”лар чор Россияси томонидан “Георгий тасмаси”га илинган орденлар билан мукофотланган.

Биргина мисол. “Қўқон хонлигини забт этгани учун” медали Қўқон шаҳрида қирғин уюштирган, болалар, аёллар, қарияларнинг қонини кўчаларда дарёдек оқизган, шаҳарни талаган арманларнинг дашнакцутюн дивизияси қонхўрларига мукофот сифатида берилган.

Нега энди биз бу лентани кўксимизга тақиб юришимиз керак? Ота-боболаримиз, аёлларимизни хўрлаганларни олқишлаш учунми? Аждодларимизнинг пок руҳларини топташ, ҳақоратлаш учунми?

“Георгий тасмаси” нега керак бўлиб қолди?

XIX асрнинг 50 йиллари. Бутун дунё Иккинчи жаҳон уруши оқибатларини бошидан ўтказаётган, вайрон бўлган мамлакатлар тикланаётган давр. Ана шундай бир пайтда эски мафкура рамзи бўлган “Георгий лентаси” чор Россияси давридаги мустамлакачилик ва босқинчилик юришларининг муваффақиятига ишора сифатида қайта тикланади. Аммо бугун “Георгий лентаси”ни мафкура билан боғлашни инкор этувчилар ҳам орамизда топилиши мумкин.

Хўш, бу лента мамлакатнинг мард ва жасур ўғлонларига бериладиган бўлса, нега 1917 йилги инқилобдан сўнг “Георгий лентаси” бекор қилинди? Янги ҳокимиятга мард ва жасур ўғлонлар керак эмасмиди?

Бугунги кунда Россия Федерацияси ҳудудида рангли боғич Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабани ифодалайдиган рамзий белги сифатида қабул қилинди ва бунга Россия Федерациясининг миллий қадриятлари асосида таъсис этилган давлат белгиси сифатида қарала бошланди.

Аслини олганда ҳозирги кунда бизни ўйлантираётган масала бошқа. 2005 йилдан буён 9 май арафасида Россия томонидан “Георгий лентаси” тарқатилади.

Ахир, ҳар бир давлат миллий қадриятларини инобатга олиб, миллий сиёсат ва мафкурасидан келиб чиққан ҳолда жорий қилган турли мукофот ва давлат рамзларини фақат ўз ҳудуди, халқи орасида тарғиб қилиши керак эмасми? Дунёнинг бошқа ҳеч бир мамлакатида рамзий белги сифатида қаралмайдиган, қадрланмайдиган, бирор бир қимматга эга бўлмаган “Георгий лентаси”ни мустақил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилишга уриниш ортида қандай мақсадлар яширинган?

Марказий Осиё мамлакатлари муносабати

“Георгий лентаси”ни тарғиб қилиш тадбирлари нафақат Ўзбекистонда балки қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам кенг авж олган. Хўш, ушбу масалага қўшни давлатларда қандай муносабат билдирилмоқда?

“Открытая Азия онлайн” нашрида ёзилишича 2018 йилнинг апрель ойларида бир гуруҳ ёшлар Остона (ҳозирги Нурсултон) шаҳри ҳокимига “Георгий лентаси”дан фойдаланишни тақиқлашини сўраган. Уларнинг мурожаатида қуйидагилар қайд этилади:

“Украинадаги воқеалар бошланганидан буён ушбу тасма Украина Шарқида сепаратизм рангига айланиб улгурди. “Георгий лентаси”ни тақиб юриш акс этган фотосуратлар ва тасвирлар интернетда кўплаб тарқатилаётгани одамлар орасида салбий кайфият уйғотмоқда”.

Бунинг ўрнига Қозоғистонда кўк, Қирғизистонда қизил-сариқ рангли миллий тасмалар жорий қилинган. 9 май арафасида ёшлардан иборат тарғибот гуруҳлари миллий руҳдаги боғичларни тарқатади.

Мамлакатимизда ҳам ана шундай миллий руҳдаги Шараф лентаси жорий қилинган. Одамлар гавжум жойлар, кўчалар, майдонлар, боғларда ёшлар Шараф лентасини тарқатмоқда. Байроғимиз тасвири акс этган лента кўксимизга қандай ярашиб турганига бир қаранг! Шараф лентасини ғурур, ифтихор, шараф билан тақиб юрганларни кўриб ҳавасингиз келади.

Иккинчи жаҳон уришида қозонилган ғалабага ҳеч қандай алоқаси бўлмаган, аждодларимизни қирғин қилгани, уйимизни куйдиргани, аҳли аёлимизни бадном қилгани учун берилган “Георгий лентаси”нинг асл моҳиятини билган, бу лента кимга ва нима учун берилганини тушунган ҳеч бир ўзбек фарзанди уни тарқатмаслигига, кўксига асло тақмаслигига, ҳатто қўлига ушлашдан ҳазар қилишига шубҳамиз йўқ.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Георгий лентаси

Баҳолаганлар

295

Рейтинг

4.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар