“Эҳтиёт бўлинг, эшиклар ёпилмайди”. Метро ходимлари жавобгарликка тортилди
Жамият
−
10 Апрель 2021
7170Бугун ижтимоий тармоқларда Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналишидаги метро поезди “Пушкин” ва “Буюк ипак йўли” бекатлари оралиғида вагоннинг эшигини ёпмай ҳаракатлангани акс этган видео тарқалган эди. Мазкур ҳолат бўйича “Тошкент метрополитени” УК баёнот бериб, текширув ўтказилишини маълум қилган эди.
Ушбу ҳодиса юзасидан ўтказилган хизмат текширувига кўра, маъсуллар жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ўзининг Telegram’даги расмий саҳифасида маълум қилди.
Маълумотларга кўра, метро поездлари вагонини эшиклари очиқ ҳолда ҳайдаб, йўловчиларнинг ҳаётини хавф остида қолдирганлиги ва хизмат вазифаларини нотўғри бажаргани учун машинист, электромонтёр-чилангар ва электр ҳаракатланувчи таркибнинг катта устаси эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Шунингдек, Электр базаси бошлиғининг электр ҳаракатланувчи таркибини таъмирлаш бўйича ўринбосари иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида жаримага тортилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 март куни Тошкент метрополитенининг Чилонзор ва Сергели йўналишлари орасида иккита поезд тўқнашуви содир бўлганди.
Кейинроқ Сергели йўналишида бекатлар ўртасида метро поезди тўхтаб қолди. Оқибатда йўловчилар рельеслар устида ҳаракатланиб, метро бекатига пиёда етиб олди.
Сардор Тўланбоев
LiveБарчаси