Душанбедан қўнғироқ. Раҳмон Путин билан долзарб масалаларни муҳокама қилди

Олам 5808
image_2021-07-22_21-11-25

Тожикистон томонининг ташаббуси билан бугун, 22 июль куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтди.

Кремль Матбуот хизматининг хабар беришича, давлат раҳбарлари икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар, хусусан, Афғонистондаги вазият, Душанбеда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитига ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) хавфсизлик кенгашининг сессиясига тайёргарлик жараёни муҳокама қилинган.

Тожикистон Президенти Матбуот хизматига кўра, суҳбат бошида Владимир Путин Имомали Раҳмоннинг синглиси вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирган. Шундан сўнг томонлар тожик-рус стратегик шериклик муносабатларининг долзарб масалалари тўплами бўйича фикр алмашган.

“Икки томонлама асосда ҳам, кўп томонлама ҳамкорлик форматида ҳам юқори даражадаги режалаштирилган учрашувлар ва алоқалар жадвалини келишиб олишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, томонлар Россия Президенти Владимир Путиннинг Тожикистонга бўлажак расмий ташрифига тайёргарликни муҳокама қилдилар”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, икки мамлакат Президентлари томонларнинг халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган.

“Афғонистон муаммоси ҳам кўриб чиқилди. Имомали Раҳмон ва Владимир Путин ушбу мамлакатда вазиятнинг кескин ривожланиши тўғрисида хавотир билан гаплашди. Томонларнинг ушбу йўналишдаги ҳаракатларини янада мувофиқлаштириш бўйича келишувларга эришилди”, дея қайд этилган хабарда.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 160
Рейтинг: 2.8
t
×