Душанбеда электросамокат ва электроскутерларни ҳайдаш тақиқланди
Олам
−
08 Октябрь 2025 2528 2 дақиқа
Тожикистоннинг пойтахти саналмиш Душанбе шаҳрида 2030 йилгача автомобиль йўллари ва пиёдалар ҳудудларида электросамокатлар, электроскутерлардан ҳамда бошқа шахсий электр транспорт воситаларидан (белгиланган тартибда рўйхатдан ўтганлар бундан мустасно) фойдаланиш тақиқланди. Бу тартиб Душанбе шаҳар халқ депутатлари мажлиси қарорига асосан қабул қилинди.
ОАВ маълумотига кўра, чекловлар шаҳарнинг барча туманларида амал қилади, фақат махсус ажратилган жойлар бундан мустасно бўлади.
Мазкур қарор йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш, барча иштирокчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва шундай транспорт воситаларидан хавфсиз фойдаланиш учун зарур инфратузилмани яратишга қаратилган.
Расмий маълумотларга кўра, жорий йил бошидан бери Душанбеда электросамокат ва электроскутерлар иштирокида 26 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Бу ҳодисаларда 3 киши ҳалок бўлган, 24 киши эса жароҳат олган.
Душанбе шаҳар Ички ишлар бошқармаси ота-оналарга мурожаат қилиб, вояга етмаган болаларни назоратсиз қолдирмасликка ва тақиқланган транспорт воситаларидан фойдаланмасликка чақирган.
Қолаверса, ижтимоий тармоқларда ёшларнинг бетартиб самокат учишига оид шикоятлар кўпайган. Улар электросамокатларда тез юриб, пиёдаларни уриб кетаётганлиги айтилган.
Шундан сўнг, Душанбеда электроскутер эгалари ўз транспорт воситаларини мажбурий рўйхатдан ўтказиш ва давлат рақамларини олишлари шартлиги белгиланган.
Бундай чоралар фақат ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши оқибатида содир бўладиган ЙТҲлар сонини камайтириш учун эмас, балки мамлакатдаги транспорт воситаларини ҳисобга олиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида ҳам жорий этилган.
Рўйхатдан ўтказиш талаби – агар электроскутернинг тезлиги 40 км/соатдан ошса ва двигатель ҳажми 50 куб сантиметрдан катта бўлса қўлланилади.
Агар ҳайдовчи транспорт воситасини рўйхатдан ўтказишдан бош тортса, у Тожикистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 310-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортилади. Бу моддада механик транспорт воситалари ва тиркамаларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини бузганлик учун жарима жазоси қўлланилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 октябрдан мопед ва скутер ҳайдаш учун авторақам ва ҳайдовчилик гувоҳномасини талаб қилувчи қонун кучга кирди.
Тошкент шаҳрининг Сергели туманида скутер ва мотоцикл тўқнашиб кетиши оқибатида икки ҳайдовчи вафот этганди.
Live
Барчаси