Душанбеда бўлиб турган Шойгу Тожикистонда қароқчилар қўлида асир бўлганини айтиб берди
Жамият
−
29 Июль 2021
17020Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) мудофаа вазирларининг кеча, 28 июль куни Тожикистон пойтахти Душанбеда бўлиб ўтган учрашувидан сўнг, Россия Мудофаа вазири генерал Сергей Шойгу тожикистонлик ҳамкасбларига юқори даражадаги ташкилотчилик учун миннатдорлик билдирди.
“Мен бу минтақани жуда яхши биламан ва Тожикистон менга яқин. Ҳар сафар бу ерга келганимда, тўқсонинчи йиллар бошидаги оғир пайтларни эслайман”, дейди Сергей Шойгу ва ўша йиллардаги воқеаларни бевосита билишини таъкидлаб.
Шойгу нутқида давом этар экан, ўша тартибсиз 90-йилларда қароқчилар қўлига тушиб қолганини эслаб ўтган.
“Ўшанда фуқаролар уруши (Тожикистондаги 1992-1997–йиллар назарда тутилган — таҳр.) тартибсизликларида, Фуқаролик мудофааси ва фавқулодда вазиятлар вазири сифатида мен гуманитар масалаларни ҳал қилишим, русийзабон аҳолини эвакуация қилишим, қийин музокаралар олиб боришим ва ҳаттоки, гаровга, қароқчилар қўлига тушиб қолишимга ҳам тўғри келган”, дейди Россия Мудофаа вазири.
Шунингдек, вазир ШҲТдаги ҳамкасбларига Афғонистондаги вазиятнинг кескинлашиши фонида келгуси ҳафта Россия Тожикистон ва Ўзбекистон билан биргаликда ҳарбий машғулотлар ўтказишини айтиб ўтган. Ушбу машғулотларда ҳаводан разведка, муҳим объектларни ҳимоя қилишни кучайтириш, ҳужум қилиш ва қароқчилар таркибини йўқ қилиш бўйича амалий ҳаракатлар ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, Сергей Шойгу шу йилнинг сентябр ойида Россиянинг Оренбург вилоятидаги Донгуз полигонида ШҲТ мамлакатларининг “Тинчлик миссияси 2021” қўшма ҳарбий антитеррор қўмондонлик-штаб машғулоти режалаштирилганлигини маълум қилган.
Сергей Шойгунинг сўзларига кўра, дўстона мамлакатлар ва минтақавий ташкилотлар — Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлигни (МДҲ) ташкилотидан ҳарбий контингентлар ва кузатувчиларни жалб қилиш орқали ШҲТ машғулотларида иштирок этиш форматини кенгайтириш жуда муҳимдир.
LiveБарчаси