Душанбе Бишкекни фактларни бузиб кўрсатишда айблади

Олам

image

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманқуловнинг баёнотларидан норозилигини билдириб, улар икки давлат жамоатчилигини чалғитаётганига ишора қилди. 

“Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманқуловнинг 2022 йил 19 сентябрдаги интервьюси муносабати билан Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги шуни маълум қиладики, фактларни манипуляция қилиш ва бузиб кўрсатишга асосланган бундай баёнотлар икки давлат жамоатчилигини чалғитишга қаратилган”, дейилади баёнотда. 

Ташқи ишлар вазирлиги Имонқуловнинг айнан қайси баёнотлари ҳақида гап бораётганига аниқлик киритмаган. Оммавий ахборот воситаларида кескинликнинг кучайиши Тожикистон учун номақбул эканлиги таъкидланган.

Кеча, 19 сентябрь куни Қирғизистон Хавфсизлик Кенгаши котиби матбуот анжуманида Тожикистон томони Қирғизистон билан чегарадаги яқинда рўй берган ҳарбий можаро чоғида сафарбарлик ўтказгани, шунингдек, халқаро террорчи ва экстремистик ташкилотлар сафидаги хорижий ёлланма аскарлардан фойдаланганини айтди. 

Бир кун аввал икки давлат махсус хизматлари раҳбарлари умумий чегарадан қўшимча ҳарбий куч ва техникани олиб чиқиб кетиш ва чегара ҳудудлари аҳолиси хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги протоколни имзолаган эди. 

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида можаро

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарадаги вазият 14 сентябрь куни Боткен вилоятидаги учта участкада чегарачилар ўртасида отишма бошланганидан кейин кескинлашди. Томонлар бир неча бор ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олганига қарамай, келишувлар ҳар сафар муваффақиятсизликка учради.

Қирғизистон расмийлари Тожикистонни чегарага оғир ҳарбий техникани тортиб келишда ва Қирғизистон ҳудудини ўққа тутишда “барча мавжуд арсеналдан” фойдаланганликда айблади. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўқнашув зонасидан 136 минг киши эвакуация қилингани, Боткен вилоятида фавқулодда ҳолат режими жорий этилганини ҳақида маълум қилди. 

Айни пайтда Тожикистон қирғиз кучларини Тожикистон чегарасидаги қатор аҳоли пунктларини “оғир қуроллардан” ўққа тутишда айблади. Ҳозирда икки давлат ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни чегара ҳудудидан олиб чиқиш бўйича келишувларга амал қилмоқда.

Икки давлат чегарасида 70 га яқин баҳсли участкада белги қўйилмагани сабабли мунтазам равишда можаролар чиқиб туради. Умуман олганда, 2022 йил июль ойи ҳолатига кўра, мамлакат чегараларининг 972 километридан 600 километрга яқини келишилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида можаро

Баҳолаганлар

41

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар