Душанба драмаси: Франция Евро-2020 ни қандай тарк этди?
Спорт
−
29 Июнь 2021
6185Кеча, 28 июнь куни Евро-2020 доирасида Франция терма жамоаси Швейцарияга қарши баҳс олиб борди. Мусобақанинг 1/8 финал учрашуви Бухарестдаги (Руминия) “Миллий” стадионида бўлиб ўтди. Ўйиннинг асосий ва қўшимча вақтлари 3:3 ҳисоби билан якунланди. Пенальтилар серияси 5:4 ҳисобида швейцарияликлар фойдасига ҳал бўлди.
Франция ва Швейцария ўртасидаги қарама-қаршилик драматик сценарий асосида ўтди. 15-дақиқада швейцарияликлар ҳисобни очди. Гол Стивен Цубернинг узатмасидан сўнг, Харис Сеферович томонидан киритилди. Биринчи бўлим Швейцариянинг ғалабаси билан якунланди. Жамоа аъзолари иккинчи бўлимда ҳисобдаги фарқни янада ошириш имкониятига эга бўлди, аммо Рикардо Родригез пенальтидан фойдалана олмади. Бу вазиятда Франция посбони Уго Льорис зарбани бартараф этди.
Кейин энг машҳур футбол қонуни амалда ўз исботини топди: “сен гол урмасанг, сенга уришади”. Пенальтидан сўнг дарҳол Франция ҳисобни тенглаштирди. 57-дақиқада Карим Бензема гол урди. Икки дақиқадан сўнг Бензема дубл қайд этиб, жамоасини олдинга олиб чиқди. 75-дақиқада Пол Погбанинг супер зарбасидан сўнг Франция 3:1 ҳисобида олдинга чиқиб олди.
Учрашув “хўрозлар”нинг ғалабаси билан тугайдигандек таассурот уйғонди. Бироқ якунда кутилмаган воқеалар содир бўлди. 81-дақиқада Швейцария Харис Сеферовичнинг ҳаракатлари билан битта гол уришга муваффақ бўлди. Ўйинга интрига қайтди. Ҳужумлар қилишдан тўхтамаган Швейцария 90-дақиқада Марио Гаврановичнинг голи эвазига вазиятни тиклади.
Қўшимча дақиқаларда ҳар икки жамоа ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қола олди. Пенальтилар сериясида швейцарияликлар кучлироқ ва омадлироқ бўлиб чиқди. Франция терма жамоаси учун ҳал қилувчи зарбани Килиан Мбаппе голга айлантира олмади.
Мусобақа давомида рақиблар дарвозасига йўл топа олмаган Килиан ўйиндан сўнг қуйидагича пост қолдирди:
“Вазиятга изоҳ бериш жуда қийин. Мағлубиятдан сўнг барча тушкун ҳолатда. Бу учун узр сўрайман. Мен жамоага ёрдам бермоқчи эдим, аммо бундай бўлмади. Уйқуга кетиш қийин бўлади, аммо, мен ушбу спорт турининг паст-баландларини жуда яхши кўраман. Биламан, мухлисларнинг ҳафсаласи пир бўлган, аммо барибир бизни қўллаб-қувватлаганингиз ва доим бизга ишонганингиз учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Энг муҳими, келгуси беллашувларда янада кучлироқ бўлиш. Швейцарияни табриклайман ва омад тилайман ”.
Швейцария чорак финалда Испания терма жамоаси билан баҳс олиб боради. Учрашув ғолиби ярим финалда Италия ёки Бельгия термалари билан тўқнаш келади.
Ҳумоюн Орипов
LiveБарчаси