Дунёнинг биринчи рақамли миллиардери ўзининг фазовий кемасида космосга саёҳат қилди (видео)

Олам 9007
-

Бугун, 20 июль куни Amazon асосчиси, америкалик Жефф Безос “Blue Origin” компаниясининг “New Shepard” космик кемасида биринчи суборбитал парвозини муваффақиятли якунлади. 

АҚШнинг Техас штати Ван-Хорн шаҳрида амалга оширилган парвоз маҳаллий вақт билан тонг соат 09:10да (Тошкент вақти билан 18:10) бошланиб, тахминан 11 дақиқа давом этган. Қайд этиш керакки, ушбу космик саёҳатнинг айнан бугун амалга оширилиши Америкалик астронавтларнинг 1969 йил 20 июлда Ойга қадам қўйиш санаси билан боғлиқ. Ўша тарихий кунга ҳам 52 йил тўлди.   

Парвоздан олдин Безос Америка телеканалларига бир нечта интервьюлар берган. У космосга сайёҳлик парвозларини ташкил этишни режалаштираётган бошқа тадбиркорлар билан рақобатлашишга интилмаслигини айтган. 

“Космосга биринчи бўлиб бир одам чиққан. Уни Юрий Гагарин дейишарди. Бу воқеликка анча бўлган. Менимча, мен космосга чиққан 570-одам бўлсам керак. Бу рақобат эмас, балки келажак авлодлар космосда ақл бовар қилмайдиган ишларни амалга ошириши учун космосга йўл очишдир”, дейди тадбиркор.

Кема экипажи миллиардердан ташқари унинг укаси Марк, авиакосмик саноат фахрийси —космик парвозлар бўйича тарихдаги биринчи аёл инструктор, 82 ёшли Уолли Фанк ва нидерландиялик 18 ёшли студент Оливье Деймандан иборат бўлди. Оливьега космосга учиш чиптасини миллиардер отаси аукционда сотиб олиб берган.

“Bloomberg Billionaires Index” маълумотларига кўра, Жефф Безос айни вақтда дунёнинг энг бой одами ҳисобланади. Унинг молиявий ҳолати 204 миллиард АҚШ долларига баҳоланган. Безоснинг энг яқин таъқибчиси Илон Маск бўлиб, у ҳам фазога қизиқади ва бу борада бир қанча лойиҳалари бор. Шундай қилиб, Маскнинг бойлиги 178 миллард АҚШ долларига тенг.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 269
Рейтинг: 3.2
t
×