Дунёни йиғлатган рақамлар: қаерда болалар ҳаётига бефарқ қолдик?

Бу қизиқ 6448
image

Дунёнинг ҳар қайси мамлакати ўзининг бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб олган. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, камситилишига йўл қўймаслик, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ҳуқуқлари ва имкониятларининг тенглигини таъминлаш, болаларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш каби йўналишлар ҳар бир давлатнинг устувор вазифаси ҳисобланади.

Лекин Халқаро ташкилотлар Конвенцияларида, қолаверса, мамлакатларнинг миллий қонунчилигида боланинг ҳаёти унинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояланиши каби йўналишлар ҳар бир давлатнинг устувор вазифаси деб, бонг уришига қараймай дунёда саратон касаллигига чалинаётган, автотранспорт ҳодисасида вафот этаётган, уруш ва очарчиликдан қурбон бўлаётган болалар сони кун сайин кўпайиб бораётганлиги ажабланарлидир. 

Саратонга чалинган болалар

Дарҳақиқат, дунёда ҳар йили туғилишдан то 19 ёшгача бўлган 400 мингга яқин болалар ва ўспиринларда саратон касаллиги аниқланади. Халқаро статистикага назар соладиган бўлсак, кенг қамровли хизматлар кўрсатиладиган ва тиббиёт ривожланган, юқори даромадли мамлакатларда саратон касаллигига чалинган болаларнинг 80 фоиздан ортиғи ушбу хасталикдан даволанади. Лекин, дунёнинг аксарият кам ва ўрта даромадли мамлакатларида яшаш даражасининг пастлиги, етарли тиббий анжомларнинг йўқлиги, малакали шифокорлар етишмаслиги, ташхис қўйишнинг кечикиши, саратоннинг ривожланган босқичига чиқиши, аниқ ташхисни ололмаслик, кимёвий терапиянинг мавжуд эмаслиги, аҳолида моддий қийинчилик мавжудлиги сабаб даволанишни тўхтатиши, саратон касаллигини олдини олиш мумкин бўлган релапслар мавжуд эмаслиги натижасида саратонга чалинган болаларнинг 65-85 фоизи ушбу касалликдан вафот этгаётгани ачинарлидир.

Йўлларда қурбон бўлган болалар

Халқаро ҳисоботларда айтилишича, дунёдаги барча мамлакатларнинг 80 фоизида сотилган баъзи транспорт воситалари асосий хавфсизлик стандартларига жавоб бермаслиги оқибатида ҳар йили 1,27 миллион одам вафот этади. Шундан 186 300 нафари болалардир, кунлик ҳисобда эса 500 га яқин бола йўл-транспорт ҳодисалари натижасида дунёдан бевақт кўз юмади. Ўзбекистонда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг маълумотига кўра, 2021 йилнинг биринчи чорагида 803 та автоҳалокат юз берган бўлиб, унда 265 нафар одам вафот этган. Қурбонларнинг 103 нафари болалар.

Очликдан вафот этган болалар

БМТнинг Oзиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг ҳисоботига кўра, йилиги ўрта ҳисобда 12 миллионга яқин болалар очликдан ёки тўйиб овқатланмагани учун вафот этмоқда. Дунё экспертларининг тахмин қилишича ўтган йил дунёда пандемия сабаб келгусида очликдан вафот этувчилар сони кескин ортиши мумкин.

Уруш қурбони бўлган болалар

БМТнинг Болалар жамғармаси маълумотларига кўра, 10 йиллик қуролли тўқнашувлар натижасида биргина Сурияда 12 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлган ёки жароҳат олган, бугунги кунда вояга етмаганларнинг 90 фоизи гуманитар ёрдамга муҳтож, бу эса 2019 йилга нисбатан 20 фоизга кўпдир.

Юқорида келтирилган рақамлар қанчалик қўрқинчли бўлмасин айни ҳақиқат.

Шохрух Олимжонов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 105
Рейтинг: 3
t
×