Дунёга чалинган “даҳшатли қўнғироққа” 18 йил тўлди

Олам

image

Дунёни даҳшатга солган 2001 йил 11 сентябрь. XXI асрдаги йирик қўпорувчилик ҳаракатларининг “бош тожи” бўлган терактга 18 йил тўлди. Жаҳон ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар террор балоси нималиги ва унинг инсониятга бўлган хавфини англаб етишига катта туртки бўлган ушбу воқеа орадан 18 йил ўтса ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. 
 
Айнан шу куни АҚШда дунёдаги энг қўрқинчли террорчилик ҳаракати амалга оширилди. Бостон, Нью-Йорк ва Вашингтондан ҳавога кўтарилган 4 та йўловчи самолётларининг бошқарувини қўлга олган бир гуруҳ террорчилар Нью-Йорк шаҳрида жойлашган эгизак биноларга ва Виржиния штатида жойлашган мамлакат Мудофаа вазирлигининг штаб квартираси — Пентагонга бориб урилди.
 
11 сентябрь соат 08:00. Бостон шаҳридаги Логон халқаро аэропортидан Лос-Анжелес томон ҳавога кўтарилган АҚШ ҳаво йўлларига тегишли Boeing 767-223ER русумли самолёт бортдаги 5 нафар террорчи томонидан ишғол этилиб, тонги соат 08:46 Жаҳон савдо маркази (эгизак бинолар)га бориб урилди.


 
17 дақиқадан кейин “United Airlines”нинг 175-сонли самолёти Жаҳон савдо марказининг иккинчи биносига бориб урилади. Дунё аҳолисини ўзида жамлаган АҚШ тугул, дунёнинг ҳар чеккасидан бўлаётган воқеалар жонли эфирда намойиш этилди. Дунё нигоҳи, сиёсатчидан тортиб, санъатчигача, спортчидан тортиб, тадбиркоргача АҚШ ҳақида гаплашарди. Унинг қонли тақдирига ачиниш кўзи билан қарарди.  
 
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай туриб, “American Airlines”га тегишли бўлган самолёт Виржиния штатида жойлашган мамлакат Мудофаа вазирлигининг штаб квартираси — Пентагонга бориб урилди.
 
Дунёдаги энг кучли ҳарбий кучга эга бўлган АҚШ мудофааси бу ҳужумлардан ўзини ҳимоя қилолмаганлиги бошқа мамлакатларни таажжубга соди.
 
Ана шу пайтда Пенсилвания яқинларида яна бир йўловчи самолёти ҳалокати ҳақида хабар берилди. Бу самолёт ҳам террорчи кучлар томонидан олиб қочилганни ва у Вашингтон томон, аниқроғи Оқ уйга йўл олгани суриштирув натижасида маълум бўлди.
 
АҚШнинг ўша вақтдаги Президенти Жорж Буш бу пайтда Флорида штатидаги бир мактабда ўқувчиларга “Гуноҳ эчкиси” (A scapegoat) номли ҳикояни ўқиб бераётган эди...


 
Барча ҳужумлар натижасида, жами бўлиб 2977 киши ҳалок бўлгани маълум қилинди.
 
Бу ҳужумлар “Ал-Қоида” террорчилик ташкилоти раҳбари Усама бен Ладеннинг махсус топшириғи асосида амалга оширилгани таъкидланди.
 
Дунёнинг бир қанча давлатларига азият берган радикал ислом ҳаракати тарафдори бўлган “Ал-Қоида” ташкилоти тарихига тўхталиб ўтсак.
 
1979 йил СССР ҳукумати томонидан Афғонистонга ҳарбий кучларнинг киритилиши натижасида Афғонистонда СССР ва амалдаги Ҳукуматга қарши бўлган кучлар “мужоҳидлар” номи остида қуролли кураш олиб борди.
 
1984 йилда Абдуллоҳ Аъзам ва Усама бен Ладен афғон “мужоҳид”ларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Мактаб ал-Хидмат” (Хизматлар буюроси)ни ташкил этади. Кейинчалик бу ташкилот негизида Усама бен Ладен 1988 йилда ўзининг террорчилик ташкилоти, яъни “Ал-Қоида”ни тузади.
 
Бу ташкилот йиллар давомида айрим “қора кучлар” томонидан молиявий ва қурол-яроғ билан таъминлаб келинган. Бунда минтақадаги геосиёсий вазиятни назорат қилиб туриш каби мақсадлар кўзланган эди.
 
11 сентябрь воқеаларидан кейин АҚШ Ҳукумати бен Ладен ҳақида берилган аниқ маълумотга икки миллион АҚШ доллари мукофот жорий этди.
 
Аммо бу каби уринишлар ўз самарасини бермади. 10 йил давомида “Ал-Қоида” етакчисини қўлга олиш ва йўқ қилишга қаратилган ҳаракатлар бекор кетди.
 
2011 йил 2 май куни Покистон Ислом Республикасининг Аботтаобод шаҳрида ўтказилган ҳарбий операция натижасида Усама бен Ладен ўлдирилди.
 
Айрим сиёсатчиларнинг фикрича, 11 сентябрь воқеалари сабаб дунёдаги сиёсий вазиятлар тубдан ўзгариб кетди. Бунга мисол тариқасида АҚШ Ҳукумати воқеалардан бир ой кейин Афғонистонга ҳаводан ҳужум қилди.
 
2003 йилда Ироқ Ҳукумати томонидан кимёвий ва биологик қуроллар ишлаб чиқилгани иддао қилиниб, Ироқ раҳбари Саддам Ҳусайн ҳокимиятини ағдариш мақсадида уруш эълон қилинди.
 
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, 11 сентябрь 2001 йилда содир бўлган террористик ҳужуми – XXI асрда инсоният учун янги муаммо ва зиддиятлар ҳақидаги хабарнинг бир “огоҳлантириш қўнғироғи” эди. Ушбу воқеа дунё геосиёсатида янги даврни бошлаб берди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ал-Қоида Теракт

Баҳолаганлар

124

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг