Дунёда болаларни мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолати кўпайди
Олам
−
12 Июнь 2020
5293Коронавирус пандемияси туфайли бутун дунё бўйлаб миллионлаб болалар мажбурий меҳнатга жалб этилди. Шу билан бирга, аввалдан ишлаб келаётган болалар янада оғир шароитларда қолмоқда. Бу ҳақда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва UNICEF маълумотларида сўз боради.
"Пандемия оилавий даромадларга зарар етказди. Шу сабаб кўпчилик болалар меҳнатидан фойдаланишни бошлади", деди Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер. Бундан ташқари, эпидемия туфайли кўплаб мактаблар ёпилмоқда. Таълимни тўхтатишга мажбур бўлган ўқувчилар ишчи кучига айланмоқда.
ХМТ ва UNICEF маълумотларига кўра, таълим муассасалари фаолияти қайта тикланганидан кейин ҳам, барча ота-оналар фарзандларининг таълим олишига имконият яратиб бера олмайди. Мактабларнинг тўхтатилиши дунёдаги 130 мамлакатда бир миллиард ўқувчига таъсир кўрсатди. "Гендер тенгсизлиги янада кучайиши мумкин, чунки қизлар қишлоқ хўжалигида ва уй хўжалигида эксплуатацияга жуда мойил", дея қўшимча қилди улар.
ХМТ маълумотларида келтирилишича, дунёда 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган 152 миллион бола мажбурий меҳнатда ёки қулликда ишламоқда. Уларнинг 73 миллиони хавфли ишларда банд. Болалар меҳнатидан энг жиддий вазият Африкада қайд этилган. У ерда яшайдиган болаларнинг бешдан бир қисми ишлайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь