“Дунёда битта Хитой бор”. Пекин АҚШ Тайвань ҳимоясига отланганидан норози
Олам
−
19 Сентябрь 2022
8738Хитой ҳукумати АҚШ Президенти Жо Байденнинг Тайвань ва Пекин ўртасида зиддият юзага келган тақдирда Америка Қуролли Кучлари оролни ҳимоя қилиши ниятида эканидан норози. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мао Нинг маълум қилди.
“Америка томонининг сўзлари “Ягона Хитой” тамойили ва Хитой-АҚШ келишув коммюникесини қўпол равишда бузади. АҚШнинг Тайвань мустақиллигини қўллаб-қувватламаслик ҳақидаги муҳим мажбуриятидан сезиларли даражада фарқ қилади. Шунингдек, бу Тайвань мустақиллиги тарафдори бўлган кучларга нотўғри хабар юборади. Хитой бу борада кескин норозилик билдиради”, дейди дипломат.
Унинг таъкидлашича, дунёда фақат битта Хитой бор ва Тайвань унинг бир қисмидир ҳамда Хитой Халқ Республикаси ҳукумати Хитойнинг ягона қонуний ҳукумати ҳисобланади.
“Биз оролни тинч йўл билан бирлаштириш истиқболига чин дилдан умид қиламиз. Шу билан бирга, биз сепаратистик ҳаракатларга мутлақо тоқат қилмаймиз ва барча зарур чораларни кўриш ҳуқуқини ўзимизда сақлаб қоламиз. Ҳеч ким Хитой халқининг миллий суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилишдаги қатъиятини паст баҳоламаслиги керак”, дея қўшимча қилган ТИВ вакили.
Шунингдек, у Ватанни тўлиқ бирлаштиришни амалга ошириш Хитойнинг барча ўғил-қизларининг умумий интилишлари ва муқаддас бурчи эканлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, АҚШ Президенти Жо Байден АҚШ ҳарбийлари Хитойдан эҳтимолий босқин содир бўлган тақдирда Тайванни ҳимоя қилишини маълум қилган эди.
Маълумот ўрнида, Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлуб бўлиб, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолди. ХХРнинг аксарият давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган расмий позициясига кўра, орол Хитой провинцияларидан бири ҳисобланади.
Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, ХХР билан ўрнатди. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайпей маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг ўша пайтдаги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР ҳукуматининг норозилигига сабаб бўлди. 2-3 август кунлари АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг оролга ташрифи ортидан Тайвань бўғози минтақасидаги кескинлик жиддий равишда авж олди, бу эса Пекиннинг кескин танқидига сабаб бўлди
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси