Дунёда 8 мартдан ташқари аёлларга бағишланган яна қандай байрамлар бор?
Олам
−
08 Март 2021
7694Бугун, 8 март куни кўплаб мамлакатлар немис сиёсий арбоби, хотин-қизлар ҳуқуқлари учун фаол курашган Клара Цеткин томонидан асос солинган Халқаро хотин-қизлар кунини нишонламоқда.
Бироқ, ушбу сана аёлларга бағишланган ягона байрам эмас. Бутун дунё бўйлаб ва алоҳида мамлакатларда айнан аёллар эътибор марказида бўлган кунлар мавжуд. Булар сирасига байрамлар, анъанавий фестиваллар ва аёллар ҳуқуқлари учун курашилган тарихий саналар киради. Қуйида шулардан бир нечтаси билан танишамиз.
Оналар куни
Оналар куни – оналик ва оналарнинг жамиятдаги ролига бағишланган дунёдаги энг машҳур байрамлардан бири. Бу кун 40 дан ортиқ мамлакатларда нишонланади, уларнинг аксарияти май ойининг иккинчи якшанбасига тўғри келади.
Қўшма Штатларда Оналар куни 1914 йилда Анна Жарвиснинг саъй-ҳаракатлари билан миллий байрамга айланган. Жарвиснинг оналарга бағишланган кунни давлат миқёсида нишонлаш кампанияси қайғули воқеа – тиббий хизмат сифатини яхшилаш учун курашган онаси, фуқаролик жамияти фаоли Анна Мариянинг вафоти билан бошланди.
Анна Мария Америкада “Оналар куни ҳолати бўйича ишчилар клуби” деб номланган аёллар ташкилоти тармоғини яратган, бу ташкилот муҳтож инсонларга керакли дори-дармонларни олишда ёрдам берган ва тиббиётни яхшилаш учун курашган.
АҚШ Президенти Вудро Вилсон “Оналар куни”ни Давлат даражасидаги байрамга айлантиришга рози бўлган. Шундан сўнг, кўпгина мамлакатларда айнан ушбу кун ҳали ҳам аёлларга бағишланган асосий байрам ҳисобланади.
15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни, деб номланган яна бир байрам мавжуд. Ушбу кун расмий равишда БМТ Бош ассамблеяси томонидан 2007 йилда рўйхатга олинган ва унинг резолюциясида қишлоқ аёллари, шу жумладан маҳаллий аёлларнинг ҳаётий роли ва уларнинг қишлоқ хўжалиги ва тараққиётини жадаллаштиришга қўшган ҳиссаси олқишланган.
АҚШ
АҚШда 26 август “Аёллар тенглиги куни” ҳисобланади. Сана тасодифан танланмаган: 1920 йилнинг шу кунида АҚШ Конституциясига 19-тузатма киритилган. Унга кўра, аёллар фаол сайлов ҳуқуқига эга бўлган.
Ушбу байрам биринчи марта 1972 йилда АҚШ Президенти Ричард Никсон 26 августни Аёллар тенглиги куни, деб эълон қилганидан бошлаб нишонланмоқда.
Япония
Японияда Халқаро хотин-қизлар куни расмий равишда нишонланмайди, аммо 3 март куни мамлакатда Хинамацури ёки “Қўғирчоқлар куни” деб ҳам аталадиган қизлар куни нишонланади. Ушбу кунда японлар қизларнинг соғлиги ва бахтли бўлишлари учун ибодат қилади.
“Қўғирчоқлар куни” байрамида қиз фарзанди бор бўлган япон оилалар уйларида қизил мато билан ўралган кўп қаватли пештахта ўрнатади ва унинг устига қўлбола қўғирчоқларни териб чиқади. Қўғирчоқлар ўзгача бир тартибда, аниқроғи ёшга қараб жойлаштирилади. Ундан ташқари, энг қиммат қўғирчоқлар биринчи даражали бўлиб, император оиласини, иккинчиси сарой хонимлари, учинчиси сарой мусиқачилари ва бошқаларни англатади.
Японлар учун ушбу байрамда меҳмонларни таклиф қилиш ва дастурхон ёзиш одатга айланган. Қизлар анъанавий кимоно кийиб, ширинликлар билан сийланади. Гарчи илгари фестиваль фақат қизларга бағишланган бўлса, сўнгги йилларда бу барча ёшдаги аёллар байрамига айланмоқда.
Арманистон
Арманистонда “Оналик ва гўзаллик куни” 7 апрелда нишонланади. 90-йилларда, Арманистонда мустақиллик эълон қилинганидан сўнг, мамлакатда 8 мартни Давлат байрамлари сафидан чиқариб ташлаш ва унинг ўрнини оналик куни билан алмаштириш масаласи муҳокама қилинди. Натижада, бугунга келиб иккала байрам ҳам нишонланяпти.
Жанубий Африка
9 августда Жанубий Африка Республикаси Миллий аёллар кунини нишонлайди. Ушбу кун мамлакат тарихидаги унутилмас воқеага бағишланган: 1956 йилда Преториядаги Ҳукумат биносига апартеид қонунларига қарши 20 мингдан зиёд аёл келган. Аёллар Ҳукумат биноси олдида 30 дақиқа сукут сақлаб тургач, қўшиқ куйлайди. Ушбу қўшиқ мазмунига кўра, аёлга қарши қўл кўтарганингда, қояни урдинг, деган маънони англатади.
1995 йилдан буён “Миллий Аёллар куни” Жанубий Африка Республикасида давлат байрами саналади ва ҳар йили нишонланади. 2006 йилда аёллар ушбу тадбирнинг 50 йиллигини нишонлаш учун Претория кўчалари бўйлаб юриш ўтказган.
Мозамбик
Мозамбикдаги Миллий хотин-қизлар куни 7 апрелда нишонланади ва ушбу байрам Мозамбик аёлларининг куни сифатида ҳам танилган. Байрам 1971 йилнинг 7 апрелида вафот этган миллий қаҳрамон Жосина Мачел хотирасига бағишланган.
Жосина Мачел мамлакатнинг биринчи Президенти Самора Мачелнинг рафиқаси бўлган, аммо у мамлакат мустақиллиги учун курашда улкан роль ўйнаган “Мозамбикни озод қилиш Фронти”нинг фаоли сифатида танилган.
Ушбу кунда Мозамбик аёллари анъанавий мусиқа остида рақсга тушади ва қўшиқ куйлайди, пойтахт Мапуто аҳолиси қаҳрамоннинг ёдгорлигига гул қўяди.
Тунис
13 август – Тунисда Миллий аёллар куни. 1956 йилнинг шу кунида Шахсий ҳолат кодекси қабул қилинди. Унга кўра, аёллар ҳуқуқ субъектлари сифатида тан олинди. Бош вазир Ҳабиб Бургиба томонидан қабул қилинган кодекс кўпхотинлиликни бекор қилди, ажрашишнинг қонуний тартибини жорий этди ва ҳар икки томоннинг ўзаро розилигини никоҳ учун зарурий шарт қилиб қўйди.
2018 йилнинг “Хотин-қизлар куни”да Тунис Президент Бежи Каид Эс-Себси аёлларга эркаклар билан тенг бўлган мерос ҳуқуқини бериш ниятини билдирди. Бу эса жамиятда катта тортишувларга сабаб бўлди. Қонун эса шундан сўнг, парламент томонидан маъқулланмади.
Лотин Америкаси
25 июль Лотин Америкасида Халқаро афро-америкаликлар, афро-кариблик ва африкалик аёллар куни сифатида нишонланади. Ушбу кун биринчи марта 1992 йилда Доминикан Республикасида бўлиб ўтган минтақанинг 32 мамлакатидан келган аёлларининг биринчи саммитида нишонланган. Ушбу учрашувнинг асосий мавзуси ирқчиликкка қарши кураш эди.
Шу куни Лотин Америкаси мамлакатларида ирқий ва жинсий камситишларига қарши курашиш учун “Афро-испан ва афро-кариб денгизи аёллар диаспораси тармоғи” деб номланган ташкилот тузилди.
Бугунги кунда ушбу сана Лотин Америкасидаги қора танли аёлларнинг муаммоларига эътиборни жалб қилиш учун сабаб бўлиб хизмат қилмоқда.
БМТ маълумотларига кўра, ушбу минтақада аёлларга нисбатан зўравонлик даражаси дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади: ҳар йили 20 миллион аёл ва қиз унинг қурбонига айланади. Пандемия хотин-қизларнинг аҳволини янада оғирлаштирди. Биргина Венесуэлада, ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрига кўра, ўтган йилнинг апрелида аёлларни ўлдириш сони 65 фоизга, Колумбияда эса оилавий зўравонлик ҳолатлари 50 фоизга ошган.
LiveБарчаси