Дунё иқтисодиётига глобал рецессия хавф солмоқда
Олам
−
11 Январь 2023
6066Жаҳон иқтисодиёти глобал рецессияни бошдан кечириши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон Банки эълон қилган сўнгги иқтисодий прогнозларида келтирилган.
Жорий йилда жаҳон иқтисодиёти бор йўғи 1,7 фоизга ўсиши кутилмоқда. Олдинги прогнозларга кўра, кўрсаткич амалдаги йил учун 3 фоиздан ортиқ бўлиши керак эди. Иқтисодчилар "очиқ-ойдин рецессия хавфи" деб баҳолаётган ушбу ҳодисанинг келтириб чиқарувчи омиллари сифатида эса Россиянинг Украинага бостириб кириши ва пандемия ортидан келиб чиққан бир қатор муаммолар кўрсатилган.
Ўз навбатида, юқори фоиз ставкаларининг иқтисодиётга таъсири сиёсатчилар учун энг муҳим муаммо сифатида кўрилмоқда. Жаҳон банки президенти Девид Малпаснинг таъкидлашича, иқтисодиётда пасайиш "кенг миқёсли" бўлади ва дунёнинг деярли барча қисмларида аҳоли даромадларининг ўсиши пандемиядан олдинги ўн йилликдагидан секинроқ бўлиши мумкин.
2009 ва 2020 йилларда глобал молиявий инқироз ва Cоvid пандемияси туфайли юз берган пасайишлар ҳисобга олинмаганда, жорий йилда кузатиладиган 1,7% ўсиш 1991 йилдан бери барқарор даврдаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Жаҳон банкининг маълум қилишича, АҚШ, Еврозона ва Хитой – иқтисодий ўсиш йўлидаги дунёнинг энг таъсирли уч нуқтаси "мўрт иқтисодий силжиш" даврини бошидан кечирмоқда, бу эса қашшоқ мамлакатлар дуч келадиган муаммоларни янада кучайтирмоқда.
Жаҳон Банки сўнгги йигирма йилдаги иқтисодий харитага асосланиб, глобал рецессия хавфи яқин эканлигини маълум қилди. Сўнгги тўпланган далиллар ушбу ҳодисани муқаррар қилиб қўймоқда. Банк, шунингдек, жаҳон иқтисодиётидаги секинлашув "кескин ва узоқ давом этувчи" бўлишини ҳам маълум қилган.
Кутилаётган пасайиш сўнгги асрдагидан жиддий фарқланади. Агар глобал ретсессия рўй берса, бу ўн йил ичида кузатилган иккинчи глобал рецессия бўлади. Бундай ҳолат 1930 йиллардан буён кузатилмаган.
Маълумот ўрнида, глобал рецессия бу дунёнинг кўплаб мамлакатларини қамраб оладиган рецессия, яъни глобал иқтисодий пасайиш давридир. Халқаро Валюта Жамғармаси глобал рецессияни аҳоли бошига тўғри келадиган йиллик ялпи ички маҳсулотнинг пасайиши, саноат ишлаб чиқариши, савдо, капитал оқими, ишсизлик даражаси, аҳоли бошига инвестициялар қисқариши билан характерлайди..
LiveБарчаси