Дунё аҳолисининг неча фоизи дудуқланишдан азият чекади?
Бу қизиқ
−
22 Октябрь 2021
44721998 йилдан бери ҳар йили 22 октябрь куни бутун дунёда Халқаро дудуқ инсонлар куни нишонланади. Бу кунни нишонлаш 1995 йилда ташкил этилган Дудуқ инсонлар халқаро ассоциацияси кўмагида таъсис этилган.
Маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг қарийб 1 фоизи дудуқланишдан азият чекади. Дудуқланиш — нутқнинг бузилиши бўлиб, у товушлар, бўғинлар ва сўзларнинг тез-тез такрорланиши ёки узайиши, шунингдек нутқда тез тўхташ ёки ноаниқлик билан тавсифланади.
Дудуқланиш кўп ҳолларда логофобия (вербофобия) билан боғлиқ. Жамиятнинг дудуқ одамларга нотўғри муносабати туфайли нутқ бузилиши ҳиссий ҳолатга ва инсон ҳаётига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу кўпинча стресс, ижтимоий ташвиш ва ўз-ўзини изоляция қилишга олиб келади. Бундай турдаги болалар эса кўпинча безориликка учрайди.
Шу боис, Халқаро дудуқ инсонлар кунини таъсис этиш Дудуқ инсонлар халқаро ассоциациясининг йирик лойиҳаларидан биридир. Ҳар йили маълум бир мавзуга бағишланадиган ушбу кунда дудуқ инсонлар кундалик ҳаётида дуч келадиган муаммолар ва қийинчиликлар тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор қилишга қаратилган турли конференциялар, семинарлар, учрашувлар ва бир қатор ижтимоий тадбирлар ўтказилади.
Йилига икки марта ахборот бюллетенларини чиқариш, махсус веб-сайтни ишга тушириш ва дудуқ инсонлар учун стипендиялар йиғиш ассоциациянинг бошқа мақсадли лойиҳалари ҳисобланади.
Дарҳақиқат, дудуқланиш нуқсони бўлган одамлар орасидан кинорежиссёрлар, актёрлар, нотиқлар, сиёсатчилар, шоирлар, телебошловчилар ва бошқа жамоат касблари вакиллари чиққан.
Масалан, Демосфен, Георг VI, Уинстон Черчилль, Мэрилин Монро, Исаак Ньютонларда шундай нуқсон бўлган. Ҳозирда эса Брюс Уиллис, Жерар Депардье, Артемий Троицкий ва бошқа машҳурлар дудуқланишдан азият чекади.
LiveБарчаси