Дубай амирининг акаси Шайх Ҳамдан бин Рашид вафот этди

Олам 4355
image
-

Бирлашган Араб Амирликларида 40 йилдан бери Дубай Молия вазирлигини бошқарган Ҳамдан бин Рашид Ал-Мактум вафот этди. У амирликнинг амалдаги ҳукмдори Муҳаммад бин Рашид Ал Мактумнинг акаси эди. Бу ҳақда амир ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилди.

“Биз ҳаммамиз Яратганга тегишлимиз ва ҳаммамиз унга қайтамиз. Аллоҳ сизга раҳм қилсин, менинг биродарим, таянчим, дўстим“, дейилади хабарда.

 

“Аl jazeera“нинг ёзишича, ўтган йилнинг октябрь ойида 75 ёшли Ҳамдан Ал-Мактум чет элда операция қилинган. Реабилитация курсидан сўнг, у Дубайга қайтиб келган. Операция тафсилотлари ва у амалга оширилган жой ҳақида маълумот берилмаган.

Ҳамдан Ал-Мактум – 1990 йилда вафот этган Дубай амири Шайх Рашид бин Саид Ал Мактумнинг иккинчи катта ўғли. У Бирлашган Араб Амирликларининг биринчи Вазирлар маҳкамаси тузилган йилдан бери Дубай Молия вазирлигига раҳбарлик қилган.

“Gulf News“ маълумотларига кўра, ўтган асрнинг 70 йилларидан бошлаб Ҳамдан Ал-Мактум амирлик саноатини бошқарган, Дубай муниципалитети ҳамда маҳаллий Савдо палатаси ва баъзи давлат компанияларига раҳбарлик қилган.

Илгари Шайх Халқаро валюта фонди ва Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти (ОПEК) да расмий равишда Дубай вакили сифатида қатнашган. Бундан ташқари, у 1995 йилдан бери Дубайнинг Бош вазири бўлган укаси амир Муҳаммаднинг ўринбосари ҳам ҳисобланган.

2006 йилда у дунёда биринчи бўлиб Лондон Қироллик коллежининг бирданига уч дипломини, шунингдек тиббиёт бўйича стипендиясини олди. Шайх тиббиёт фанлари учун ҳар йили ўтказиладиган халқаро тиббиёт мукофоти – Sheikh Hamdan Bin Rashid Al Maktoum Award for Medical Sciences“ асосчисидир.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 158
Рейтинг: 2.9
t
×