ДТМ Интернетда тарқалган тест саволлари бўйича изоҳ берди

Жамият 16793
image

Хабарингиз бор, кеча, 5 август куни Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари бошланди. Имтиҳонлар бошланиши билан эса ижтимоий тармоқларда тест саволларининг тарқалиши, шунингдек, имтиҳонда телефон билан қўлга тушиш каби ҳолатлар жуда кўп учрамоқда. Давлат тест маркази ушбу вазиятлар юзасидан маълумот берди

Қайд этилишича. бугун, 6 август куни бўлиб ўтаётган тест синовларида математика фанидан тест топшириқлари акс этган 1185323 рақамли тест топшириқлари китоби диагностик тест синовларига тааллуқли бўлиб, жорий йилнинг 17 май куни Қарши шаҳридаги академик лицейлардан бирининг ўқувчилари учун буюртма қилинган. Диагностик тест натижасига кўра талабгор 90,5 балл (280,5 баллдан) тўплаган. Мазкур тест топшириқлари китоби 2021-2022 ўқув йили учун олий таълим муассасалариниг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларига тегишли эмаслиги аниқланган.

Шунингдек, кимё фанидан тест топшириқлари акс этган 1155745 рақамли тест топшириқлари китоби 5 август куни Тошкент шаҳрида ўтказилган тест синовларига тааллуқли бўлиб, мазкур абитуриент тест синови вақтида телефондан фойдалангани видеокузатув орқали аниқланиб, имтиҳондан четлаштирилган.

Яна бир ҳолатда мажбурий фанлар блокининг Ўзбекистон тарихи ва математика фанларидан тест топшириқлари акс этган 1186266 рақамли тест топшириқлари китоби 5 август куни Қашқадарё вилоятида ўтказилган тест синовларига тааллуқли бўлиб, мазкур абитуриент тест топшириқлари китоби варағини йиртиб, ташқарига олиб чиққан. Шунинг учун у Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги” Низомнинг 52-бандига мувофиқ тест синовидан четлаштирилган.

Тармоқда тарқалган биология ва кимё фанларидан тест топшириқлари акс этган 1235875 рақамли тест топшириқлари китоби 6 августга тегишли бўлиб, мазкур абитуриент тест синови вақтида телефондан фойдаланаётгани аниқланиб, далолатнома асосида тест синовларидан четлаштирилган.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 617
Рейтинг: 3
t
×