“Аждарҳо тажовузи”. Хитой Шинжон мусулмонларига зулм қилмоқда — “Amnesty International”
Олам
−
15 Июнь 2021
10267Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном вилоятида яшовчи асосий қисми мусулмон бўлган уйғур, қозоқ ва ўзбек каби этник озчиликлар ҳукумат томонидан уюштирилган оммавий қамоққа олиш, қийноққа солиш ва таъқибларга учрамоқда. Бу ҳақда “Amnesty International” халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти эълон қилган ҳисоботда сўз боради.
Ҳисоботда қуйидагилар қайд этилган:
• юз минглаб мусулмон эркак ва аёллар оммавий қийноқларга дучор бўлмоқда;
• миллионлаб мусулмонлар мунтазам равишда оммавий таъқиб қилинмоқда;
• мусулмон этник гуруҳлар ўзларининг диний урф-одатлари, маданий анъаналари ва она тилларидан воз кечишга мажбур қилинмоқда;
• 50 дан ортиқ собиқ маҳкумлар лагерларда мусулмонларга бўладиган муносабат ва яшаш шароитлари ҳақида даҳшатли янги кўрсатмалар бермоқда.
Ҳисоботда “Amnesty International” ҳалқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Хитойни Шинжонда асирлар учун ташкил қилинган лагерларни ёпишга чақирган.
160 саҳифалик ҳисоботда ташкилотнинг инқирозга қарши кураш гуруҳи “қайта тарбиялаш лагерларида” қийноққа солинган ўнлаб мусулмонларнинг кўрсатмаларини йиғган.
Қайд этилишича, 2017 йилдан бери Хитой ҳукумати “терроризмга қарши кураш” ниқоби остида минтақадаги мусулмон этник озчилик гуруҳлари: уйғур, қозоқ, қирғиз, ўзбек ва тожикларга қарши қаратилган зўравонликка қўл урмоқда.
“Йўлбарс курсиси”, электрошок ва бошқа қийноқлар
Аксарият жабрланганларнинг кўрсатмаларига кўра, аввалига улар полиция маҳкамасида сўроқ қилинган. Лагерга жўнатилишидан олдин уларнинг биометрик ва тиббий маълумотлари маҳкамада қайд этилган.
“Сўнг улар “йўлбарс курсилари” – қўл-оёқлар кишанланиб, танага азоб берадиган ҳолда боғлаб қўйиладиган пўлат стулларда сўроқ қилинган. Полиция маҳкамаларида калтаклаш, уйқусиз қолдириш ва камераларга ҳаддан ташқари кўп одамларни тиқиб қўйиш ҳолати одатий ҳол. Маҳбусларнинг сўзларига кўра, сўроқ қилиш ва кўчириш пайтида соқчилар уларнинг бошига қоп кийдириб, қўлларини кишанлашган”, дейилади ҳисоботда.
“Amnesty International”га маълум қилинган бир воқеада, камерадошлари кўз ўнгида 72 соат давомида “йўлбарс курсиси”да ушлаб турилган маҳбус вафот этган, шу вақт мобайнида у ўтирган жойига ҳожат чиқаришга мажбур бўлган.
Лагерга олиб келинган одамларнинг ҳар бир дақиқаси режалаштирилган бўлади. Улар кеча-ю кундуз назорат остига олинади. Бундан ташқари, ташкилот маълумотларига кўра, маҳбуслар мунтазам қийноққа солинган ва уларга ёмон муносабатда бўлинган. Калтаклар, электрошок, “йўлбарс курсиси” каби қийноқ воситалари қўлланилган. Улар озиқ-овқат, сув, уйқудан маҳрум қилинган, аммо шу ҳолда ҳам ўзларини тутишга мажбур бўлган.
Икки собиқ маҳбуснинг “Amnesty International”га маълум қилишича, улар бир йил давомида оғир кишанларни тақиб юришга мажбур бўлган. Бошқа маҳбуслар уларни электрошокли дубинкалар билан уришгани ва қалампир кукунини сепишгани ҳақида маълум қилган.
“Шинжонда миллионлаб одамлар ҳибсга олинаётгани билан бир қаторда барча мусулмонлар тўлиқ кузатув остида. Лагердан чиққанларнинг ҳам барчаси доимий электрон ва шахсий кузатув остида бўлади. Уларни кузатиб борадиган ҳукумат вакиллари VPN ёки ижмоий тармоқдан фойдаланилган тақдирда “шубҳали” хатти-ҳаракатлар ҳақида хабар беради. Кўчаларда эса полиция кеча-кундуз навбатчилик қилади”, дейилади ҳисоботда.
Мусулмонлар диний ва маданий урф-одатлар учун қамоққа ташланади
Ҳисоботда қайд этилишича, Шинжонда одамлар ўз динлари, хусусан, ислом дини амалларини бажара олмайди. Мусулмонлар диний ва маданий урф-одатлар учун қамоққа ташланади. Қуръон, жойнамоз ва бошқа диний буюмлар тақиқланган. Бутун Шинжон бўйлаб масжидлар, қабристонлар ва бошқа диний ва маданий жойлар бузиб ташланган ёки бошқа мақсаддаги объектларга айлантирилган.
“Биз энди Ассалому алайкум сўзини ҳам айтолмаймиз”, дейди “Amnesty International”га кўрсатма берганлардан бири.
Ташкилот ўз ҳисоботида қайд этишича, Хитой ҳукумати Шинжонда содир бўлаётган воқеаларни ҳар қандай усул билан беркитади. Расмийлар очиқ гапиришга журъат этганларни ҳибсга олади, таҳдид қилади ва ҳақорат қилади.
“Хитой зудлик билан асирлар учун лагерларни тарқатиб юбориши, лагерлар ва қамоқхоналардаги ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган одамларни озод қилиши ва Шинжондаги мусулмонларга қарши мунтазам ҳужумларни тўхтатиши керак”, дейди “Amnesty International” бош котиби Агнес Калламард.
Унинг таъкидлашича, БМТ халқаро ҳуқуқ бўйича барча жиноятларда гумон қилинганларни жавобгарликка тортиш учун мустақил тергов механизмини яратиши ва зудлик билан минтақага юбориши керак. Шунингдек, халқаро ҳамжамият “бу даҳшатли амалиётга бутунлай барҳам бериш учун очиқчасига гапириши ва биргаликда ҳаракат қилиши лозим”.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь