Донецк ва Донбассдан 36 минг киши эвакуация қилинди. Уларга 130 доллардан пул тарқатилмоқда

Олам

image

Донецк ва Луганск фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудига чиқиб кетиши ташкил қилинганидан сўнг, 36 мингга яқин Донбасс аҳолиси аллақачон Ростов вилоятига етиб борган. Улар орасида 700 дан ортиқ болалар ҳам бор. Бу ҳақда бугун, 19 февраль куни Давлат думасининг МДҲ, Ёвроосиё интеграцияси ва ватандошлар билан алоқалар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Виктор Водолацкий маълум қилган.

Охирги маълумотларга кўра, улар мамлакатнинг 85 та вилоятидан 26 тасида жойлаштирилишга тайёр. Шу билан бирга, энди Россиядан Донбассга кетиш мумкин бўлмайди – Ростов вилоятидаги барча назорат пунктлари фақат мамлакатга кириш учун ишлайди. 

Ўн минглаб одамлар аллақачон эвакуация қилинган

Донецк ва Луганскда кеча, 18 февраль куни эълон қилинган эвакуация кечаю кундуз давом этмоқда. Бугун тушдан кейин, Ростов вилоятига 36 минг киши келган бўлса, олти соат олдин Донецк ҳудудидан келганлар сони бор-йўғи 3100 кишини ташкил этган.

Қайд этилишича, биргина Донецкдан 700 мингга яқин одамни олиб чиқиш режалаштирилган.

Қочқинлар учун турар жой

Россияда 280 дан ортиқ вақтинчалик жойлаштириш марказлари аллақачон эвакуация қилинганларни қабул қилишга тайёр, уларда одамлар иссиқ овқат, душ ва кир ювиш хизматлари, шунингдек, алоқа ва интернет билан таъминланади. Водолацкийнинг сўзларига кўра, қочқинларнинг камида икки ҳафта қолишлари учун шароит яратилмоқда.

Россиянинг 85 та вилоятидан 26 таси Донбассдан одамларни қабул қилишга тайёрлигини маълум қилди, деди Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари вазифасини бажарувчи Александр Чуприян. Россия темир йўллари қочқинларни бошқа ҳудудларга ташиш учун Ростов вилоятига поезд жўнатишга тайёр. 

Шу билан бирга, Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова яқинлашиб келаётган байрам мавсуми муносабати билан Донецк ва Донбасс аҳолисини Краснодар ва Ставропол ўлкаларига жўнатмасликни таклиф қилди.

Бугун эвакуация қилинганлар Президент Владимир Путиннинг кеча, 18 февралдаги кўрсатмасига кўра, киши бошига 10 минг рубль (129,14 АҚШ доллари) миқдорида бир марталик ёрдам пули олишни бошлайдилар. Расмийларга кўра, тўловларни ташкил этишда ҳеч қандай муаммо йўқ.

Халқаро муносабат 

Донбассдаги вазиятнинг кескинлашуви ва Донецк ва Луганск расмийлари томонидан эълон қилинган аҳолининг эвакуация қилиниши Ғарб давлатларида хавотир уйғотди. 

Вашингтоннинг фикрича, эвакуация Россиянинг Украинага “бостириб кириши” учун ниқоб бўлиб,  АҚШ Президенти Жо Байденнинг сўзларига кўра, бу борадаги қарор аллақачон қабул қилинган. Шу билан бирга, у Қўшма Штатлар ўз ҳарбийларини Украина ҳудудига жўнатмоқчи эмаслигини ва “ҳали ҳам кескинликни пасайтириб, музокара столига қайтишга кеч эмаслигини” яна бир бор таъкидлаган. 

Эслатиб ўтамиз, Украинанинг шарқий ҳудудларида жойлашган россияпараст, ўзини суверен дея атовчи ҳудудлар: Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикаси (ДХР) етакчилари кеча, 18 февраль куни аҳолини Россияга эвакуация қилиш ҳақида буйруқ берган

Украина таркибидан ажралиб чиқиш ҳаракатидан бўлган икки ҳудуд жорий йилнинг 17 февраль куни Украина ҳарбийлари Донбассга ҳужум қилганини рўкач қилиб, Киевни айбламоқда. Аммо, расмий Киев ушбу ЛХР ва ДХР томонидан Украина ҳудудига 60 маротаба ўқ узилганини айтмоқда. Ҳатто, баъзи ҳужумлар оғир артиллерилар ёрдамида уюштирилгани маълум қилинмоқда.

Украина ҳукумати мамлакат ҳарбийлари шарқий ҳудудларга ҳужум қилишни режалаштирмаганини айтиб, ЛХР ва ДХРни ёлғон хабар тарқатишда айблаган. 

ЛХР ва ДХР ҳужум бошлангани ортидан ўз фуқароларини Россия ҳудудига эвакуация қила бошлаган.

Вазият юмшаш ўрнига жиддийлашиши ортидан, Ғарб хавотирли баёнотлар билан чиқмоқда. Маълум қилинишича, Украина чегралари яқинидан ҳарбийларни ортга қайтаришни бошлагани ҳақида баёнот берган Кремль, қўшинлар сонини камайтириш ўрнига улар сонини 190 минга етказган.

Бошқа томондан, НАТО ва Ғарб Украина хавфсизлигини таъминлаш борасида унга ҳарбий кўмакни кучайтирган. НАТОга аъзо Эстония Мудофаа вазирининг билдиришича, мамлакат Украина ҳудудига танкка қарши “Жавелин” қуролларини юборган.

Сўнгги пайтларда Россия-Украина можароси жиддий тус олган. Бир томонда Киевни қўллаётган АҚШ ва НАТО турган бўлса, бошқа томонда ҳарбий тайёргарликларни бошлаб юборган Россия турибди. 

Эслатиб ўтамиз бундан аввал, Украинанинг тарафини олиб АҚШ Киевга 200 миллион доллар миқдоридаги, қарийб 500 тонна қурол-яроғ, 300 та “Жевелин” танкка қарши ўточар техникалари ва 5 та МИ-17 вертолётини етказиб берганини билдирган. Бундан ташқари, 8 500 нафар ҳарбийни Шарқий Европага юбориш учун шай ҳолда ушлаб тургани ҳақида маълум қилган. 

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги эса Украинага элита бўлинмасининг 30 нафар ҳарбий хизматчисини, 2 000 та танкка қарши ракета ва қурол-яроғ юборилгани ҳақида хабар берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

148

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг