“Док-1 Макс”дан вафот этган болаларнинг оилаларига компенсация тўланиши мумкин
Жамият
−
19 Январь 2023
6272Ўзбекистонда “Док-1 Макс” сиропини ичиш оқибатида вафот этган болаларнинг ўлими сабаби ҳужжат билан тасдиқланса, уларнинг оилаларига компенсация тўлаб берилиши мумкин. Бу ҳақда Халқаро пресс-клубда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, “Док-1 Макс” дорисини ичганлик тўғрисидаги маълумотларни фақат болаларнинг ота-оналари берган.
“Агар ушбу маълумотлар ҳужжат билан тасдиқлансагина, компенсация тўлаш бўйича юридик жараёнлар бошланиши мумкин”, дейди у.
Боситхонованинг қайд этишича, ҳозирда ҳар бир боланинг ўлими бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2022 йилнинг 22 декабрдаги буйруғи билан “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган эди.
Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” сиропидан Ўзбекистонда 20 нафар бола вафот этди. “Док-1 Макс” таркибида меъёрдан 300 баравар ортиқ заҳарли модда борлиги аниқланди. 2023 йилнинг 11 январь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё аҳолисини “Док-1 Макс” ва “Амбронол” сиропларидан сақланишга чақирди. Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан дори воситасини Ўзбекистонга олиб кирган “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди. 13 январь куни “QURAMAX MEDIKAL” МЧЖга нисбатан очилган жиноят иши бўйича суд бўлиб ўтди ва унинг лицензияни бекор қилинди.
LiveБарчаси