Доғистонда “замминистр” қамалди 

Олам

image

Доғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Руфат Исмоилов умумий қиймати 1,3 миллион рубль миқдорида пора олганлик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланиб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Москванинг Басманний туман суди тергов сўровини қаноатлантириш ва Исмоиловга нисбатан 2024 йил 2 январгача қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлашга қарор қилган.


“Биз суд қарорига рози эмасмиз, мен бу ҳақда албатта апелляция бераман”, дейди Исмоиловнинг адвокати Сергей Булаев.

Адвокат 5 миллион рубль тўлаб гаров эвазига Исмоиловни озод қилишни сўраган. 

"Суддан мижозимни гаров эвазига озод қилишни сўраймиз. Унинг тақдирига бефарқ бўлмаган дўстлари бор, уларнинг ёрдами билан биз гаровга қўйиш учун 5 миллион рубль йиғдик", дейди адвокат Сергей Булаев. 

Шунингдек, у тинтув чоғида Доғистон Ички ишлар вазири ўринбосаридан мукофот тўппончаси ва хизмат гувоҳномаси мусодара қилинганини таъкидлаган.

“Бу шуни англатадики, у назарий жиҳатдан ҳам ўз ваколатларидан фойдалана олмайди ва иш бўйича бошқа айбланувчиларга таҳдид сола олмайди”, деган ҳимоячи.

Адвокат Исмоиловнинг тўрт нафар вояга этмаган фарзанди борлигини қўшимча қилиб, суддан ҳибсга олишдан кўра енгилроқ жазо беришни сўраган.

Исмоиловнинг ҳибсга олингани ҳақида кеча, 7 ноябрь куни Федерал хавфсизлик хизматининг Доғистон бўйича бошқармаси матбуот хизмати хабар берган. Унинг ишхонаси ва уйида тинтувлар ўтказилган. Исмоилов ва Доғистон Республикаси ИИВ Тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдулғафуров Д.K. га нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 290-моддаси 5-қисми (катта миқдорда пора олиш) ва 286-моддаси 3-қисми (бир гуруҳ шахслар томонидан ғаразли манфаатни кўзлаб ҳокимиятни ҳаддан ташқари ошириб юбориш) бўйича иш очилган. Иккаласи ҳам қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун Москвага олиб кетилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Доғистон замминистир

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг