“Дочки и сыночки”. Собиқ СССР давлатлари раҳбарларининг болалари нималар ортидан бойиган?
Таҳлил
−
07 Февраль 2022
55856ХХ асрнинг энг муҳим воқеаларидан бири 69 йил давомида дунёнинг иккинчи қутби сифатида яшаб келган СССРнинг парчаланиб кетиши ҳисобланади. Ушбу парчаланишдан сўнг, дунё харитасида мустақил 15 та республика пайдо бўлди. Мазкур СССР мамлакатларининг собиқ ва ҳозирги раҳбарларининг фарзандлари элитанинг бир қисми бўлиб, ажойиб мартаба орттирган ва яхшигина бизнес қилган. Бугун мазкур элита қатлам вакиллари ҳақида сўз юритамиз.
Қозоғистон
Алия Назарбоева – Қозоғистоннинг собиқ Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизи. У дастлаб Қозоғистон давлат университетида, кейинчалик эса Лондондаги Ричмонд, АҚШнинг Жорж Вашингтон университетида таҳсил олган. Кенжа Назарбоева Қозоғистон Президенти маъмуриятининг умумий бўлими маслаҳатчиси, минерал сув компанияси бош директори, қурилиш компанияси директорлар кенгаши раиси бўлиб ишлаган. Бундан ташқари, бир нечта фильмларга ҳам продюсерлик қилган.
Алия уч марта оила қурган. Илк бор у Қирғизистоннинг биринчи Президенти Асқар Акаевга келин бўлган ва унинг тўнғич ўғли Айдар билан оила қурган. Унинг иккинчи оиласи қозоғистонлик тадбиркор Дониёр Ҳасенов билан; учинчиси, Димаш Дўсанов билан бўлган. Димаш Дўсанов “Kaztransoil” (мамлакат миллий нефть компанияси) бош директори ва Қозоғистон Миллий баскетбол федерацияси президенти эди. Аммо Қозоғистонда жорий йилнинг илк кунларидан бошланган намойишлар ортидан у лавозимидан айрилди.
Яқинда оммавий ахборот воситалари 41 ёшли Алиянинг Лондонда қимматбаҳо қасри бор эканани фош қилди. “The Sunday Telegraph” нашрининг аниқлик киритишича, у 2006 йилда Буюк Британия фуқаролигини олиш учун Лондондаги қасрга 8,75 миллион фунт стерлинг сарфлаган. Бу ҳаммаси эмас. У 18 миллион фунт стерлингга қимматбаҳо Bombardier Challenger ҳашаматли самолёти ва Дубайда 14 миллион долларга кўчмас мулк ҳам харид қилишга улгурган.
Бу харидлар олдидан Алия Назарбоева Қозоғистондан 300 миллион доллар олиб чиқиб кетган. Унинг харажатлари молиявий маслаҳатчиларни инсофсизлик, маблағларни ўзлаштириш, фирибгарлик ва мажбуриятларни бузишда айблаб, улар билан келиша олмай қолганидан кейин маълум бўлган.
Дариға Назарбоева – Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи. У Ломоносов номидаги Москва давлат университетини ҳамда Киров номидаги Қозоғистон давлат университетини (ҳозирги Қозоғистон миллий университети) тамомлаган.
Дариға сиёсатга 2000 йилларнинг ўрталарида кириб, Парламент қуйи палатаси депутати бўлган. 2015 — 2016 йилларда Назарбоева Қозоғистон Бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. 2016 йилдан у Парламентнинг юқори палатасига кирди ҳамда халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитасига раҳбарлик қила бошлади.
2019 йилнинг март ойида Назарбоева Қозоғистон Парламенти Сенатининг раиси этиб сайланган. Бироқ 2020 йилнинг май ойида Тўқаев Дариға Назарбоеванинг сенаторлик ваколатларини муддатидан олдин тугатди. Ўшанда бунинг сабабларига аниқлик киритилмаган.
Назарбоева Парламент раислигидан истеъфога чиққач, унинг исми Ғарб матбуотида кенжа ўғли Ойсултон Назарбоевнинг баёнотлари муносабати билан тез-тез тилга олинарди. 2020 йилнинг февралида Ойсултон “Россия ва Қозоғистон ҳукумати ўртасидаги йирик коррупция” ва “халқдан ўғирланган миллиардлаб долларлар” ҳақида маълумотга эга эканини маълум қилган, шунингдек, Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўраган. Бир неча ой ўтгач, Қозоғистон Биринчи Президентининг набираси Лондонда юрак тўхтаб қолиши оқибатида вафот этган.
Айтганча, “Forbes” маълумотларига кўра, миллиардерларнинг сўнгги рўйхатига қозоғистонлик беш нафар бизнесмен ҳам киритилган. Улар орасида Назарбоевнинг яна бир қизи Динара ва куёви Тимур ҳам бор. Уларнинг бойлиги 2,9 миллиард долларга баҳоланмоқда. Динара Назарбоева турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев билан биргаликда активлари бўйича Қозоғистондаги энг йирик банк – “Halyk bank”ни (Халқ Банк) назорат қилади.
Беларусь
Беларусь фуқароси Александр Лукашенконинг учта фарзанди бор: Виктор, Дмитрий ва Николай. Виктор Лукашенко ҳозир 46 ёшда, у ҳарбий мартабага эришган (захирадаги генерал-майор), узоқ вақтдан бери Президентнинг Миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси вазифасини бажаради ва мамлакат Хавфсизлик кенгаши аъзоси. Ҳозирда Виктор республика Миллий олимпия қўмитаси президенти ҳисобланади. ОАВ 2020 йилнинг ёзида Викторнинг Швейцария банкидаги ҳисобида 840 миллион доллардан ортиқ маблағ топилганини ёзган.
Дмитрий Лукашенко 41 ёшда. У "Президент спорт клуби" республика давлат-жамоат бирлашмаси марказий кенгаши раиси лавозимини эгаллаган, шунингдек, Беларусь Миллий олимпия қўмитаси аъзоси. Унинг молиявий ҳолати ҳақида ҳеч нарса маълум эмас, аммо 2021 йилнинг декабрида Дмитрийга АҚШ Молия вазирлиги томонидан “юқори мартабали коррупционерга яқин шахс, тадбиркор ва Беларусь Президентининг ўртанча ўғли” сифатида санкция қўйилган. 2021 йилнинг ёзидан бери Дмитрий ҳам Европа Иттифоқи санкциялари остида қолмоқда.
17 ёшли Николай Лукашенко Беларусь Президентининг фарзандлари орасида энг машҳури ҳисобланади. У мунтазам равишда отаси билан тадбирларда қатнашади. ОАВ Николайнинг Москва вилоятидаги элита мактабида ёки Москвадаги мактаблардан бирида ўқиётгани ҳақида хабар берган.
Қирғизистон
Қирғизистоннинг собиқ Президенти Асқар Акаевнинг қизи Бермет Акаева 2005 йилда мамлакатда юз берган инқилобдан сўнг, рейд, коррупция ва фирибгарликда айбланган. Акаев эса президентликдан кетган.
Айрим маълумотларга кўра, Акаева айни вақтда отаси билан хорижда яшайди, ота-бола Қирғизистон келажаги ҳақида китоб ёзган. Акаевнинг қолган икки фарзанди Россия истиқомат қилади, ўғли Айдар бизнес билан шуғулланади, қизи Соадат молия соҳасида ишлайди.
Озарбайжон
Машҳур бобонинг номи билан аталган кичик Ҳайдар Алиев Озарбайжоннинг амалдаги Президенти Илҳом Алиевнинг ягона ўғли. Жуда сирли одам. Озарбайжон халқи кичик Алиевни келажакда Президент бўлишини хоҳлайди. Илҳом Алиевнинг ўзи ҳам ўғли ҳақида бўлажак меросхўр сифатида гапиради.
Хориж оммавий ахборот воситалари Ҳайдар Алиевнинг бадавлат йигит эканлигини маълум қилган. Унинг Ferrari автомобили ва Москва вилоятида улкан саройи бор. Сарой Россия Президенти Владимир Путиннинг Ново-Огарёво қароргоҳи ёнида жойлашган. У яна Лондонда ҳам кўчмас мулкка эгалик қилади.
Кичик Ҳайдар Алиев ҳам ҳарбий хизматни ўтаган. Озарбайжон Давлат хавфсизлик хизматининг Баку шаҳрида жойлашган элита бўлинмаларидан бирида хизмат қилган. Ҳозир унинг қаерда эканлиги номаълум. Сўнгги маълумотларга кўра, кичик Ҳайдар Алиев отасининг “Янги Озарбайжон” сиёсий партиясида муҳим ва махфий ишларни амалга оширмоқда.
Илҳом Алиевнинг қизи Лейлани ОАВ тез-тез эслаб туради, чунки ўтмишда у таниқли қўшиқчи Эмин Агаларовнинг рафиқаси бўлиб, ундан икки ўғил: Али ва Микоилни дунёга келтирган. 2015 йилда у билан ажрашгандан сўнг, Алиева Меҳрибонлик уйидан Амина исмли бир қизни асраб олган.
Лейла Алиева кўп йиллардан бери “Баку” журналининг бош муҳаррири, бобоси номидаги Ҳайдар Алиев жамғармаси вице-президенти лавозимида ишлайди. Алиева 2017 йилда Озарбайжон Ёга Федерацияси президенти бўлиб, ўз ватанида экология масалалари билан банд ва ёга билан шуғулланади.
Режиссёр ва кино продюсери бўлган синглиси Орзу ва акаси Ҳайдардан фарқли ўлароқ, Лейла кўпроқ жамоатчи. Унинг Instagram`даги расмий саҳифасида миллионлаб обуначилари бор. Лейла Алиева 2018 йилда ўзининг "Ташаккур" ва "Сукут" китобларини оммага тақдим қилган.
Ўзбекистон
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти, марҳум Ислом Каримовнинг икки никоҳдан уч фарзанди бор. Катта ўғли Пётр Каримов ҳозир Москва вилоятида яшайди. Ўз вақтида “Asia-Invest Bank” бошқаруви раиси ўринбосари бўлиб ишлаган.
Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, собиқ Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримова 2003 йилдан бери жиноятларига жавоб бериш учун қамоқхонада.
Буюк Британия пойтахтида Каримованинг иккита уйи бор. Уларнинг бири Mайфаир туманида 8 миллион фунт стерлинг (10,4 миллион доллар) ва Белгравия вилоятида 2 миллион фунт стерлинг (2,6 миллион доллар)га сотиб олинган.
2018 йилнинг октябрида Британиянинг катта миқдордаги фирибгарликка қарши курашиш бюроси Гулнора Каримованинг коррупцион фаолиятидан топилган пуллар эвазига харид қилинган учта мулкни хатлаш юзасидан даъвони илгари сурган эди. Бироқ ўшанда айнан қайси объектлар назарда тутилганига ойдинлик киритилмаган.
Ўтган йили Франция расмийлари Каримованинг Париждаги квартираси, Сент-Тропе ҳудудидаги вилла ва Париж четидаги қасрни сотиб, пулини Ўзбекистонга қайтаришини маълум қилганди.
Париждаги квартира аллақачон 14 миллион еврога кимошди савдосига қўйилгани маълум, бу харид нархидан икки баравар паст.
Швейцария прокуратураси ўзбекистонлик “ишбилармон аёл”нинг мамлакат банкларидаги ҳисобларида музлатилган маблағларини Ўзбекистонга қайтаришга тайёр. Бироқ активлар маълум шартлар билан Ўзбекистонга топширилади. Расмий Тошкент пулларнинг қайтарилиш жараёнининг шаффоф бўлишини, пуллар аҳоли фаровонлиги ҳамда мамлакат ривожланиши учун ишлатилишини таъминлашга кафолат бериши керак.
2017 йил июль ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси Каримовага қарши иккинчи жиноий ишни қўзғатган. Буюк Британияда Каримованинг 4,2 миллион фунт (5,5 миллион доллар) миқдоридаги нақд пули, шунингдек, умумий қиймати 22,9 миллион фунт (30 миллион доллар) бўлган уйлари, квартиралари ва виллалари борлиги аниқланган. ОAВда Британия активлари орасида фақат “Лондоннинг Чешам кўчасидаги тўрт қаватли бинонинг” номи тилга олинган.
2018 йил Ўзбекистонда Гулнора Каримовага қарши солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ва ўғрилик бўйича иккита жиноий иш очилган эди. Ушбу икки ҳолатда давлат ва фуқароларнинг манфаатларига етказилган зарарнинг умумий ҳажми 1 триллион 270 миллиард 200 миллион сўм, 1 миллиард 651,8 миллион AҚШ доллари, 26,1 миллион евро экани айтилган.
2015 йилда Каримова беш йилга, 2017 йилда 10 йилга қамалган. 2018 йилда иккинчи ҳолатда қамоқ муддати беш йил озодликни чеклаш билан алмаштирилди.
2019 йил бошида Каримова Зангиота аёллар колониясига “жазони ўташ тартиби ва шартларини қўпол равишда бузганлиги” учун кўчирилди.
2019 йилнинг декабрь ойида Каримова рейдлар билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ тузишда айбланиб, янги жиноий иш қўзғатилган. Бош прокуратура маълумотларига кўра, ушбу иш доирасида етказилган зарар 165 миллион доллар ва 85 миллиард сўм (қарийб 9 миллион доллар)ни ташкил этди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг оиласи Москвадаги уч қаватли пентхауснинг эгаси ҳисобланади. Унинг нархи 1,6 миллиард рублга ёки 22 миллион 460 минг долларга тенг.
Суриштирув маълумотларига кўра, ушбу пентхаус “Radisson” меҳмонхонаси биносида жойлашган ва 2021 йилнинг октябрь ойида сотувга қўйилганди.
Сотув ҳақидаги эълонда пентхауснинг ички қисми учун табиий материаллар, итальян мармари, оникс ҳамда табиий ёғочдан фойдаланилгани ҳақида сўз боради. Мебель эса “Roberto Cavalli” ва “Versace” каби жаҳон брендларидан эканлиги айтилган.
Пентхаус минорадаги 11-қаватдан бошланади. Ушбу қаватда ҳаммом ва кийиниш хоналари бўлган иккита ётоқ хона ҳамда ошхона ва кенг зал мавжуд. 12-қаватда эса меҳмонхона ва кир ювиш хонаси жойлашган. 13-қаватда офис кўринишидаги хона ҳамда Москва дарёси, Оқ уй ва бизнес марказини кўриш мумкин бўлган терраса бор. Бундан ташқари, ушбу пентхаус Москвадаги энг қиммат турар жойлар рейтингида иккинчи ўринни эгаллаган. Майдони 500 квадрат метрни ташкил қилади.
Қайд этилишича, жорий йил май ойидан буён пентхаусга Каримовнинг беваси Татьяна Каримованинг жияни – синглиси Тамара Собированинг ўғли Анвар Абдуллаев эгалик қилади.
Оиланинг кенжаси Лола Каримова-Тилляева эса отасининг вафотидан сўнг, турмуш ўртоғи Тимур Тилляев ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтган. У масофадан туриб, “Сен ёлғиз эмассан” фонди ҳамда Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондини бошқариб келади. У АҚШда "The Harmonist" атторлик буюмлари брендига асос солган.
2020 йилда Лос-Анжелесда Лола Каримова-Тилляева ва унинг турмуш ўртоғи Темур Тилляевга тегишли бўлган 3 та вилла борлиги маълум бўлганди. Август ойида қароргоҳлар сотувга қўйилди. Уйларнинг ҳар бирининг нархи ўртача 6 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Ушбу уйларни хоним Каримова ва жаноб Тилляев бундан 6 йил аввал, 2014 йил жами 16,1 миллион АҚШ долларидан сал кўпроққа, ҳар бирини алоҳида битим билан харид қилишган.
Лола Каримова ва Темур Тилляев ушбу уйларни харид қилиш учун маблағларни Тошкентдаги “Абу-Сахий” бозори фаолиятидан орттирган. Бозор уларга 2013-2014 йилларнинг ўзида 127 миллион АҚШ доллари фойда келтирган.
Украина
Украинанинг Биринчи Президенти Леонид Кравчукнинг ўғли Александр Кравчук қишлоқ хўжалиги бизнеси билан шуғулланади. У 2014 йилда "Украинанинг 200 та энг бой одами" қаторига кирган. Бизнесменнинг бойлиги 45,7 миллион долларга баҳоланган. Унинг “Нафком Агро” компанияси Винница, Полтава, Суми ва Чернигов вилоятларида 200 минг гектарга яқин қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага олган Украинадаги энг йирик ўнта ер эгаларидан бири эди. Бироқ компания ерларни ўзбошимчалик билан тортиб олиш, шунингдек, маҳсулотларни илмий асосланган усулларга зид равишда етиштиришда айбланган. Шу сабаб бизнесменнинг компанияси энди матбуотда деярли тилга олинмайди.
LiveБарчаси