ДХХ ва ИИВ Сирдарёда “жиҳодчилар”ни қўлга олди

Жамият 19739
image

Бугун, 21 январь куни Сирдарё вилояти Давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир жараёнида “жиҳодчилар” экстремистик оқимининг яширин гуруҳи фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, мазкур гуруҳнинг 2 нафар етакчиси Россия Федерациясида мавсумий ишлаши давомида радикал гуруҳлар таъсирига тушиб, яшаш жойига қайтиб келганидан сўнг аҳоли орасида ўзларининг бузғунчи ғояларини тарғиб қилиш ва ижтимоий тармоқлар орқали халқаро террорчилик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамоларининг маърузаларини тарқатиш билан шуғулланган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг қарори асосида тақиқланган экстремистик ва террорчилик гуруҳларга алоқадор шахсларнинг мақола ва маърузаларини интернет тармоғидан юклаб олиб, уларни сақлаш ва атрофдагиларга тарқатиш, шунингдек, Сурия Араб Республикасида давом этаётган қуролли тўқнашувларда иштирок этувчи террорчилик гуруҳларни молиялаштириш билан шуғулланган.

Ушбу жиноий гуруҳ раҳбарлари 2020 йилда Сардоба сув омбори билан боғлиқ сув тошқини оқибатида талафот кўрган масжидларнинг қайта қурилишига моддий кўмак йиғишни айтиб, Telegram мессенжерида хайрия гуруҳини очиб, масжидларнинг қайта қурилишига ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлган мусулмонларни алдаб, улар томонидан банк пластик картасига туширилган маблағларни Сурияга жўнатиш билан шуғулланган.

Шу ўринда, қўлга олинганлардан баъзилари карантин чекловлари бекор қилингач, Сурияга чиқиб кетишни режалаштириш мақсадида ушбу мамлакат ҳудудидаги маслакдошлари билан алоқада бўлиб келган.

ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси томонидан кўрилган чоралар натижасида, ушбу экстремистик гуруҳнинг аҳолига салбий таъсири ва ёшларни бузғунчи йўлларга бошлашининг олди олиниб, вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида экстремистларнинг барча аъзолари қўлга олиниб, яшаш манзилларида ўтказилган тинтув тергов ҳаракатлари давомида, уларнинг жиноий фаолиятини фош этувчи далилий ашёлар олинган.

Ҳозирда Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов-суриштирув ишлар давом эттирилмоқда.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 803
Рейтинг: 3
t
×