ДХХ уч нафар адвокатни қўлга олди
3-саҳифа
−
27 Август 2022
11823Давлат хавфсизлиги хизмати ходимлари Самарқанд ва Тошкент шаҳрида уч нафар адвокатни қўлга олди. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати хабар берган.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳридаги адвокатлик фирмаси адвокати, 1985 йилда туғилган шахс ўзининг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали тадбиркорга МЧЖда ўтказилган камерал солиқ текшируви натижасида аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан молиявий жарима қўлламасликни ваъда қилган.
Бунинг эвазига эса у тадбиркордан 23 минг АҚШ доллари талаб қилиб, мазкур пул маблағини олган вақтда ушланган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Мирзо Улуғбек туманидаги адвокатлик фирмаларидан бирининг адвокати фуқародан 12 минг АҚШ доллари олган вақтда ушланган.
Маълум бўлишича, адвокат гўёки мансабдор танишлари орқали фуқаронинг турмуш ўртоғига нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосини бошқа енгил турдаги жазога ўзгартириб бериш эвазига 9 минг АҚШ доллари ҳамда фуқарога муқаддам юридик хизматларни кўрсатгани учун адвокатлик тўловларини амалга оширган бўлишига қарамасдан, судга харажат қилганини рўкач қилиб, тамагирлик йўли билан қўшимча 3 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Яна бир ҳолатда, Самарқанд шаҳридаги адвокатлик фирмаси адвокати суд идораларидаги мансабдор танишлари орқали фуқаронинг Тошкент вилоятидаги жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаётган турмуш ўртоғига нисбатан бошқа енгилроқ жазога алмаштириш масаласини ҳал қилиб бериш эвазига ундан 10 минг АҚШ доллари беришни талаб қилган.
ДХХ томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда адвокат сўралган пул маблағини олган вақтида қўлга олинган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси