ДХХ тўрт вилоятда йирик миқдордаги гиёҳванд модда савдосига чек қўйди

3-саҳифа

image

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Сурхондарё, Наманган, Aндижон ва Фарғона вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирда жами 3 килограмм 857 грамм “опий” ва 9 кг 736 грамм “гашиш” гиёҳванд моддалари мусодара қилинди. 

Қайд этилишича, ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Денов тумани тиббиёт бирлашмасининг 37 ёшли ҳайдовчиси 3 кг 857 грамм “опий” моддаси билан қўлга олинган. Унга гиёҳванд моддани Тожикистондаги жиноий шериклари контрабанда йўли билан мамлакат ҳудудига ўтказиб берган.

Таъкидланишича, ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда божхона бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликдаги Чуст туманида ўтказилган тезкор тадбирда ҳам 6 кг 813 грамм “гашиш” моддаси савдосига чек қўйилган.

Маълум бўлишича, ушбу гиёҳванд моддани Уйчи туманида яшовчи 34 ёшли фуқаро ва унинг жиноий шериги Фарғона вилояти Бағдод туманида истиқомат қилувчи 43 ёшли муқаддам судланган фуқаро Қирғизистондан олиб келган.

Aндижон шаҳрида ҳам гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ ҳолат кузатилган. ДХХ ходимлари томонидан шаҳaрда ўтказилган тезкор тадбирда Қирғизистон Республикасининг Ўш вилояти Қорасув туманида яшовчи, 38 ёшли Қирғизистон фуқароси ва унинг жиноий шериги бўлган 62 ёшли Россия фуқароси ушланиб, улардан 1 кг 413 гр “гашиш” моддаси тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Aниқланишича, ушбу модда Ўзбекистонга Қирғизистондан олиб ўтилган.

Хабарга кўра, Қўқон шаҳрида яшовчи 40 ёшли фуқаро ҳам Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қизилқия шаҳрига бориб, A. исмли шахс билан учрашган ва унга 1 кг “гашиш” моддасини Фарғона шаҳрига етказиб бериш шарти билан 2 минг доллар бериб, яшаш манзилига қайтиб келган.

Фарғона вилоятида кузатилган яна бир ҳолатда Қува тумани ҳудудида тўхтатилиб, текширилган Lacetti йўловчисидан 599 грамм “гашиш” моддаси процессуал тарзда расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, уларнинг жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

133

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг