ДХХ раиси кубогига қуръа ташланди. Мусобақа ўзбек футболига нима беради?
Спорт
−
13 Июнь 2021
8986Кеча, 12 июнь куни мини-футбол бўйича ўтказилаётган Давлат хавфсизлик хизмати раиси кубогининг финал босқичига қуръа ташланди. Якуний босқичда Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидан умумий 14 та жамоа иштирок этади.
Қуръа натижасига кўра, жамоалар қуйидаги тўрт гуруҳга бўлинди:
“A” гуруҳи: Хоразм, Фарғона, Тошкент вил., Қашқадарё
“B” гуруҳи: Наманган, Андижон, Жиззах, Самарқанд
“C” гуруҳи: Бухоро, Сирдарё, Тошкент ш.
“D” гуруҳи: Сурхондарё, Навоий, Қорақалпоғистон Республикаси
Ҳар бир гуруҳда дастлабки иккита ўринни қўлга киритганлар чорак финал босқичига йўл олади. Мағлуб жамоа мусобақани тарк этади.
Туман, шаҳар ҳамда вилоят босқичларида ғолибликни қўлга киритган энг кучли 14 та жамоа 12-15 июнь кунлари Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида ДХХ Раиси кубоги учун ўзаро куч синашади. Биринчи ўринни эгаллаган жамоага улар истиқомат қиладиган туманда мини-футбол майдони, иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритган жамоаларга эса улар яшайдиган туманларда “Workout” майдончалари қуриб берилади.
Шунингдек, “Энг яхши ўйинчи”, “Энг яхши тўпурар”, “Энг яхши дарвозабон” ва “Энг яхши мураббий” номинациялари бўйича ғолиблар ҳам аниқланади.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида мини-футбол бўйича ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари кубогининг саралаш босқичи ўтказилди. Унда 18-30 ёш оралиғидаги ёшлардан иборат 7779 та жамоа иштирок этди.
Мусобақа ўзбек футболига нима беради?
Қайд этилишича, ДХХ раиси кубогини ўтказишдан кўзланган мақсад ёшлар орасида спортни оммалаштириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдан иборатдир. ДХХ раиси айни вақтда Ўзбекистон футбол ассоциациясининг ҳам раиси ҳисобланади
Бундан ташқари, ҳар бир вилоят терма жамоаларига қуръа орқали Ўзбекистон Суперлигасида фаолият юритувчи мутахассислар маслаҳатчи мураббий сифатида бириктирилган бўлиб улар мусобақа давомида жамоалар билан бирга бўлиб, ўз маслаҳатларини беради. Шу орқали селекция ишлари йўлга қўйилади. Бунинг натижасида иқтидорли футболчилар кашф этилиб, Суперлига бош мураббийлари эса, уларни ўз жамоаларига таклиф қилишлари мумкин.
Навоий жамоасига маслаҳатчи бўлган “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев мусобақада ўзини кўрсатган ўйинчилар катта футболга қадам қўйиши мумкинлигини айтиб, шундай деди:
“Турнир жуда яхши ташкил этиляпти. Қашқадарё вилоятида ўтказилган босқичда қатнашдим. Бу мусобақа футболимизга бўлган эътиборни кўрсатди. Мен Навоий жамоасига маслаҳатчи мураббий бўлдим. Жамоа ҳар тарафдан ўзини яхши кўрсатади деб ўйлайман. Жамоа мураббийидан ўйинчилар ҳолати ҳақида сўрадим, уларнинг ҳаммаси ўйинга тайёр ва яхши ҳолатда.
Юқорида селекция ишлари ҳақида ҳам гапириб ўтилди. Албатта, қайсидир футболчи иқтидорини кўрсатиб, катта футболга қадам қўйиши мумкин”.
Маълумот учун, ДХХ раиси кубоги бу йил илк марта ташкил этилди. Ташкилотчиларнинг айтишича, мусобақа анъанавий тарзда ҳар йили ўтказилиши кўзда тутилган.
Ҳумоюн Орипов
LiveБарчаси