ДХХ раиси кубоги ўз якунига етди. Тадбирда кучишлатар тузилмалар раҳбарлари қатнашди

Жамият

image

Жорий йилнинг 12-15 июнь кунлари Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтган ДХХ раиси кубоги ўз якунига етди. 

Қашқадарё вилоятининг “Самарқанд” МФЙ жамоаси мусобақа ғолиблигини қўлга киритди. Финалда мағлуб бўлган Сирдарё вилояти “Тараққиёт” МФЙ жамоасига кумуш медаллари насиб қилди. Жиззах вилояти “Ғофур Ғулом” МФЙ жамоаси Қорақалпоғистон Республикасининг “Оқ Манғит” МФЙ жамоасини мағлуб этиб, бронза медалларига эга чиқишди.

Тадбирда Давлат хавфсизлик хизмати раиси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Абдумавлонович Азизов, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати раиси Алишер Аброрович Усмонов, Ички ишлар вазири Пўлат Раззоқович Бобожонов, Мудофаа вазири Баҳодир Низомович Қурбонов иштирок этди. Ғолиб жамоага ДХХ раиси кубогини Абдусалом Азизов топширди. 

Биринчи ўринни эгаллаган жамоага улар истиқомат қиладиган туманда мини-футбол майдони, иккинчи ва учинчи ўринни қўлга киритган жамоаларга эса, “Workout” майдончалари қуриб берилиши айтилди ва махсус сертификатлар топширилди.

Шунингдек, “Энг яхши футболчи”, “Энг яхши тўпурар”, “Энг яхши дарвозабон” ва “Энг яхши мураббий” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланади:

Фарғона вилояти вакили Фазлиддин Содиқов мусобақанинг энг яхши футболчисига бериладиган олтин тўпни қўлга киритди. 

“Энг яхши тўпурар” номинациясига Сирдарё вилояти вакили Фаррух Бектемиров, “Энг яхши дарвозабон” сифатида, бухоролик Сирож Салимов тан олинди.

Қорақалпоғистон жамоаси устози Серик Жалгасов эса, энг яхши мураббий деб топилди.

Мини-футбол бўйича ўтказилган Давлат хавфсизлик хизмати раиси кубогининг финал босқичига 12 июнь куни қуръа ташланган эди. Якуний босқичда Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидан умумий 14 та жамоа иштирок этди.

Қуръа натижасига кўра, жамоалар қуйидаги тўрт гуруҳга бўлинди:

“A” гуруҳи: Хоразм, Фарғона, Тошкент; вил., Қашқадарё
“B” гуруҳи: Наманган, Андижон, Жиззах, Самарқанд;
“C” гуруҳи: Бухоро, Сирдарё, Тошкент шаҳри;
“D” гуруҳи: Сурхондарё, Навоий, Қорақалпоғистон Республикаси

Ҳар бир гуруҳда дастлабки иккита ўринни қўлга киритганлар чорак финал босқичига йўл олди. Мағлуб жамоа эса, мусобақани тарк этди.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида мини-футбол бўйича ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари кубогининг саралаш босқичи ўтказилди. Унда 18-30 ёш оралиғидаги ёшлардан иборат 7779 та жамоа иштирок этди

ДХХ раиси кубоги бу йил илк марта ташкил этилди. Ташкилотчиларга кўра, мусобақа анъанавий тарзда ҳар йили ўтказилиши кўзда тутилган.

Ҳумоюн Орипов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

143

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг