ДХХ Андижонда МЧЖ раҳбари, Самарқандда адвокатни ноқонуний ер сотаётганда ушлади
3-саҳифа
−
27 Январь 2022
5754Андижон, Жиззах, Самарқанд ва Хоразм вилоятида ноқонуний ер сотмоқчи бўлган шахслар ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Андижон шаҳридаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг раҳбари ўзганинг ишончига кириб, унга 6 гектар майдонда қурилаётган 240 та дўкондан иборат бўлган савдо комплексининг 10 та савдо дўконини сотмоқчилигини айтган. У қурилиш ишлари ўзи раҳбарлик қилаётган МЧЖ томонидан амалга оширилаётганлигини билдириб, мансабдор танишлари орқали дўконларнинг кадастр ҳужжатларини ҳамда шаҳар ҳокимининг тегишли қарорини чиқартириб беришни ваъда қилган.
МЧЖ раҳбари бунинг эвазига 117 минг АҚШ доллари сўраб, олдиндан 60 минг доллар олган вақтида ушланган.
Жиззах вилоятида кузатилган ҳолатда эса Зомин туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган фуқаро ер майдонларини сотишга ваколати бўлмасада, ўзганинг номида бўлган фермер хўжалигининг 50 гектар лалми ер майдонини вилоят ҳокимлиги ва кадастр тизимидаги танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига харидордан 250 млн сўм олган вақтида ушланган.
Шунингдек, Самарқанд вилоятида ҳам бу борада тезкор тадбир ўтказилган. Унда Самарқанд шаҳридаги адвокатлик бюроси адвокати ўзига ижара ҳуқуқи асосида берилган Жомбой туманидаги 4 гектар ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига ундан 23 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 15 минг доллар олган вақтида ушланган.
Хоразм вилоятида қайд этилган ҳолатда Ҳазорасп туманида яшовчи 1959 йилда туғилган фуқаро алдов йўли билан ўзганинг ишончига кириб, аслида туман ҳокимлиги захирасида бўлган 6 сотих ерни гўёки ўзиники эканлигини айтиб, ушбу ер участкасини унга 10 минг 500 долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Хабарга кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси