ДХХ 6 вилоятда четдан олиб кирилган кўп миқдордаги наркотикни фош қилди
3-саҳифа
−
02 Август 2022
6286Ўзбекистоннинг 6 вилоятда қўшни давлатлардан олиб ўтилган жами 14 кг 734 гр “опий” ва 3 кг 923 гр “гашиш” моддалари мусодара қилинди. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Пахтачи туманидаги “Самарқанд мунтазам” ЙПХ масканида Spark русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилган.
Натижада, автомашинада Ургут ва Оқдарё туманларида яшовчи, 1991 йилда туғилган 2 нафар фуқаро кетаётгани маълум бўлиб, уларнинг ёнида 10 кг “опий” гиёҳванд моддаси борлиги аниқланган ва ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинган. Улар Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган наркотикни Хоразм вилоятида сотишни режалаштирган.
Сурхондарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса Термиз туманида яшовчи, 1983 ва 1986 йилда туғилган 2 нафар фуқаро 2 кг 60 гр “опий” моддасини 40 минг АҚШ долларига сотган вақтида ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган.
Шунингдек, улар Тожикистон Республикасидан келтирилган ушбу гиёҳвандлик воситасини Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи, 1989 йилда туғилган фуқародан 28 минг АҚШ долларига сотиб олгани аниқланиб, у ҳам ушланган.
ДХХ Сирдарё вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда “Бекобод-Гулистон” йўналишида ҳаракатланаётган Nexia русумли автомобиль Боёвут туманида тўхтатилиб, кўздан кечирилган.
Унда йўловчи сифатида кетаётган Тожикистон Республикаси фуқароси бўлган, 1964 йилда туғилган шахс ёнида 1 кг “опий” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган. Аниқланишича, у мазкур наркотикни Қозоғистон Республикасига ўтказишни режалаштирган.
Фарғона шаҳрида яшовчи, 1988 йилда туғилган Тожикистон Республикаси фуқароси эса 1992 йилда туғилган шаръий никоҳидаги турмуш ўртоғи билан ушланган. Улар Сурхондарё вилоятининг Денов туманига бориб, Тожикистон Республикасидаги наркосавдогардан 11 минг АҚШ долларига сотиб олинган 976 гр “опий” ва 994 гр “гашиш” гиёҳванд моддаларини контрабанда йўли билан Ўзбекистон ҳудудига ўтказган.
Бошқа ҳолатда эса Ёзёвон туманидан Марғилон шаҳри томон ҳаракатланаётган Lacetti русумли автомобиль тўхтатилиб, кўздан кечирилган.
Натижада, унда йўловчи сифатида кетаётган, Марғилон шаҳрида яшовчи, 1979 ва 1983 йилларда туғилган, муқаддам судланган 2 нафар фуқаронинг ёнида Қирғизистон Республикасидан олиб келинган 698 гр “опий” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Бундан ташқари, ДХХ Наманган вилояти бўйича Бошқармаси ходимлари томонидан ҳам вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Янгиқўрғон туманида ҳаракатланаётган Cobalt русумли автомобиль тўхтатилиб, текширувдан ўтказилган.
Натижада, унда йўловчи сифатида кетаётган, Наманган шаҳрида яшовчи, 1966 йилда туғилган фуқаронинг ёнида 968 гр “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлган.
Аниқланишича, у мазкур наркотик моддани Қирғизистон Республикасидаги танишидан 7 минг АҚШ долларига сотиб олиб, учинчи шахслар имкониятлари орқали Янгиқўрғон тумани ҳудудига контрабанда йўли билан ўтказган.
Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 14 кг 734 гр “опий” ва 3 кг 923 гр “гашиш” моддалари мусодара қилинган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси