Диний эркинликдан сиёсий мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда – Дилшод Эшнаeв

Жамият

Ўзбекистонда охирги йилларда айрим фуқаролар томонидан диний соҳаларда берилаётган эркинлик ва шароитларни суиистеъмол қилиш ва улардан сиёсий мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда. Бу ҳақда бугун, 10 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Эшнаев сўз очди. 

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Адлия вазири Русланбек Давлетов ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Эшнаев иштирок этиб, куни кеча қабул қилинган янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни тўғрисида тушунтириш берди. 

Дилшод Эшнаевнинг таъкидлашича, бу қонун тор доирадаги шахсларнинг қараши ёки уч-тўрт кишининг муносабатидан шаклланган ҳужжат эмас. Бу ҳужжатнинг тайёрланишига жуда кўп тайёргарлик кўрилган.

"Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги  қонуннинг мазмуни ҳақида тўхталишдан олдин, қабул қилиш сабаблари ҳақида айтиб ўтмоқчиман. Нима учун мазкур қонуннинг 5-моддасида Виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликлари бериб ўтилган?

Биринчидан, охирги йилларда айрим фуқароларимиз томонидан диний соҳаларда берилаётган эркинликни, яратиб берилаётган шароитларни суиистеъмол қилиш ва улардан сиёсий мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари кузатиляпти. 

Иккинчидан, мамлакатда кечаётган турли ижтимоий-сиёсий воқеаларга диний тус бериш, муайян шахсий диний қарашларини бошқаларга ҳам мажбурий қоида сифатида сингдиришга ҳаракат бўляпти. Охирги йилларда сўз эркинлиги таъминланяпти, ҳар бир фуқаронинг ўз шахсий фикри бўлиши мумкин. Ҳар бир фуқаро ўз қарашларидан келиб чиққан ҳолда, муайян ҳолатларга ўз муносабатини билдириши мумкин. Лекин, бу унинг шахсий фикри бўлиб қолиши керак ва бу фикрнинг қолганларга мажбурий сифатида сингдирилиши амалдаги қонунчилигимизга ҳам, Конституциямизга ҳам зид ҳисобланади. 

Шу боис ҳам қонуннинг 5-моддасида айнан мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда, виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликлари белгилаб чиқилди", дейди Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари. 

Қўмита раиси ўринбосари ижтимоий тармоқлардаги билдирилаётган фикрлар фикрлар таҳлил баъзан хавотирга солаётганини ҳам алоҳида қайд этди. 

“Дин ишлари бўйича қўмита кўпроқ амалиёт билан шуғулланади. Биз фуқаролардан келиб тушадиган ва ижтимоий тармоқларда кўп муҳокама қилинаётган масалалардан келиб чиқиб, айнан диний масала юзасидан бўлаётган муҳокамалар таҳлили шуни кўрсатадики, жамиятда айрим ҳолатларда айрим фуқаролар томонидан диний тоқатсизлик ҳолатлари жудаям кучайиб кетаётганини кўриб турибмиз. Ўзбекистонда азалдан турли миллат, турли элатлар, 16 та конфессия вакиллари тинч-тотув яшаб келади. Бу ҳолат ҳозиргача ҳам кузатилади. Шу сабаб Ўзбекистон диний соҳада ҳам, миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳасида ҳам бутун дунё ҳамжамиятида ўзига хослиги билан ажралиб туради. Лекин ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларнинг таҳлилини кўрадиган бўлсак, баъзан хавотирга соладиган ҳолатларни ҳам кузатяпмиз. Шу боис ҳам қонун кўпроқ мавжуд муносабатларни ҳуқуқий тарафдан тартибга солишга қаратилган. Жуда кўп бўладиган саволларга нуқта қўйиш, айнан ҳуқуқий жиҳатдан бу масала қандай тартибга солинишига қаратилган”, децди Дилшод Эшнаев. 

Маълумот ўрнида, Дин ишлари бўйича қўмита мамлакатда виждон эркинлигини таъминлаш ва мана шу йўналишда давлат сиёсатини юритишга маъсул давлат идораси ҳисобланади. Бу норма "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги  қонуннинг 5-моддасида ҳам ўз аксини топган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

155

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг