Диним учун шон-шуҳратимдан воз кечдим – Дунёнинг биринчи ҳижобли модели Ҳалима
Маданият-санъат
−
03 Февраль 2021
25409Кениядаги қочқинлар лагерида туғилиб, илк ҳижоб киювчи супермоделга айланган Ҳалима Аден 2020 йилнинг ноябрь ойида ўзи танлаган соҳа муқаддас Ислом динига тўғри келмаслигини айтиб, фаолиятини тўхтатди.
Шундай бўлса-да, у ҳижобли аёллар мода саноатида ўз ўрнини топа олмаслиги ҳақидаги иддаоларни сафсата эканини исботлади. Ҳалима дунёга мушҳур “Vogue” мода журнали муқоваларини эгаллаган биринчи ҳижобли моделга айланди. Қуйида Ҳалима Аден ким эканига тўхталамиз.
Ҳалима 23 ёшда, АҚШнинг Миннесота штатидаги Сент Клауд шаҳрида сомалиликлар орасида улғайган.
“Мен Ҳалима, Какумаданман”, дейди у ўзи туғилган Кениядаги қочқинлар лагери номини айтиб.
Ҳалиманинг оиласи асли сомалилик. Улар ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида Африкадаги энг қонли урушлардан қочиб, Кенияга бориб қолган. Унинг онаси Кенияга етгунича 12 кун пиёда юрган. Ҳалима олти ёшдалигида онаси ва укаси билан АҚШга кўчиб келишган. Ҳалиманинг отаси билан алоқа уруш йилларида узилиб қолган.
Ҳалиманинг бўйи 166 см – топ-модел учун жудаям паст эканлигига қарамай, уни мунтазам равишда Max Mara, Yeezy каби люкс брендларнинг намойишларига чақириб туришади.
Ҳалима 2016 йилда “Мисс Америка” гўзаллик танловидаги иштирокидан кейин шуҳрат қозонди. Кўп ўтмай, 2017 йилда у IMG Models мода агентлиги билан шартнома тузди ва Нью-Йоркдаги мода ҳафталигида Канье Уэстнинг Yeezy брендини намойиш қилди. Аҳамиятлиси, у шартномасига ҳижобни ҳеч қачон ечмаслиги ҳақидаги бандни киритган.
“Шундай қизлар бор моделликка шартнома имзолаш учун ўлишга тайёр, мен эса шартим қабул қилинмаса, индамай кетишга ҳозир эдим”, деган Ҳалима ўша вазиятдаги ҳолатини тасвирлаб.
Ҳалиманинг шартномасидаги яна бир бандда унинг кийиниши учун холи жой бўлиши кўзда тутилган эди.
Ҳалима Американинг “Sports Illustrated” муқовасини безаган илк рўмолли модель ҳам бўлган.
Ҳижобли модел сифатида Ҳалима либосларини танлашда инжиқ эди. Карьераси аввалида у узун кўйлак ва юбкаларини, ҳижобларини чемоданига солиб юрарди. У ўзининг оддий қора ҳижобини биринчи марта Рианнанинг “Fenty Beauty” маҳсулоти учун кампанияда кийган эди.
Шимолий ғарбий Кениядаги Какума лагерида ўтган болалик чоғидаёқ онаси унга қаттиқ ишлаш ва бошқаларга ёрдам беришга ўргатган. Бу тарбия Ҳалима етти яшарлигида улар АҚШдаги энг катта сомали диаспораси жойлашган Миннесотага кўчиб ўтганларида ҳам давом этди.
Ҳалима мактабда илк ҳижобли аълочи малика (мактабдаги энг илғор ўқувчиларга бериладиган даража) бўлди. У 2016 йили “Мисс Миннесота” танловида қатнашди ва илк ҳижобли иштирокчи бўлиб, ярим финалга чиқа олди.
Сўнг, онасини ранжитиб, у модел бўлишга қарор қилди. Унинг онаси бу касб Ҳалиманинг шахсига – қора танли, мусулмон ва қочқинлигига тўғри келмаслигини ҳис қиларди.
Ҳатто, у Yeezy ва Max Mara брендлари учун дунёнинг энг катта подиумларида юришни бошлаганда ёки АҚШ гўзали танловида ҳакамлардан бири бўлганида ҳам онаси унга ўзига мос иш топишни маслаҳат берар эди.
Ҳалима IMG билан биринчи учрашувида улардан ўзини UNICEF’га олиб боришларини сўради. IMG бу борада уни қўллаб-қувватлади ва Ҳалима 2018 йили Unicef элчиси бўлди. Унинг болалиги қочқинлар лагерида ўтгани учун иши ҳам болалар ҳуқуқларига дахлдор бўлиб қолди.
“Онам мени ҳеч қачон модел ёки журнал муқовасида сурати босиладиган қиз сифатида кўрмаган. У мени қиз болалар учун умид маёғи сифатида кўрган ва доим мени улар учун намуна бўлишга ундаган”, дейди у.
Ҳалима бошқалар эътиборини қочқин болаларга қаратишни ва болаларга эса, агар мен қочқинлар лагеридан чиқиб кета олган бўлсам, сизлар ҳам шундай қила оласизлар деб кўрсатишни истарди.
Аммо UNICEF у кутгандек бўлиб чиқмади.
2018 йилда, Unicef элчиси бўлганидан кўп ўтмай, у Какума лагерига Ted Talk сўзлаш учун борди. Ўшанда лагердаги болалар Ҳалимага ҳамон бу ерга келадиган машҳурлар олдида рақсга тушишга мажбур эканини айтиб берган.
Ҳалима унга биринчи китоб, биринчи қалам ва сумкани UNICEF эмас Миннесота берганини эслайди.
“Мен ўз исмимни ёза олмайдиган вақтларимда ҳам Unicef, деб ёза олардим. Исмимни ёзиш учун Ҳ қўярдим. Миннесота менга биринчи китобни, биринчи қаламни, биринчи сумкани берди. UNICEF эмас”, дейди у.
Ҳалима BBC`га берган интервьюсида вақт ўтиб, у ўзи киядиган кийимларни назорат қилиши оғирлаша боргани ва бошиданоқ рад қилгани бошни шунчаки ёпадиган рўмолларни ҳам қабул қилганини айтиб берган.
“Алал-оқибат ўз талабларимдан узоқлашдим, тасвир гуруҳи менинг ҳижобим стилини белгилашига қўйиб бердим”, деган Ҳалима.
Карьерасининг сўнгги йилида унинг ҳижоби борган сари кичрая борди, баъзида бўйин ва кўкраклари билинар ҳолга келди. Гоҳида ҳижоб ўрнига жинси ёки бошқа матоларни бошига ўраб чиқарди.
Ҳалима мода саноати пиллапояларида юқорилар экан унинг оиласига ажратадиган вақти қисқариб борарди. Ҳатто, исломий байрам кунлари ҳам у уйидан узоқда бўларди.
“Карьерамнинг илк йили Pамазон ойи ва Ҳайитини уйда ўтказа олдим, аммо охирги уч йилда сафарда бўлдим. Баъзида ҳафтасига 6-7 марта парвоз қилишимга тўғри келарди. Бу жараён тўхтай демасди”, деган Ҳалима.
Ўзида бўлаётган ўзгаришлардан руҳан азият чеккан Ҳалима ваниҳоят карьерасини тугатишга қарор қилган.
“Менинг карьерам гўё чўққисида эди, аммо руҳан бахтсиз эдим... Диним, эътиқодим учун шон-шуҳратдан воз кечдим”, деган Ҳалима ўз қарорига муносабат билдириб.
LiveБарчаси