Дин ва санъат: диндорларга Каримов давридаги муросасизлик Мирзиёев даврида барҳам топдими?

Таҳлил 37507
image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари лавозимида ўтказаётган беш йилининг энг муҳим ислоҳотларидан бири мамлакатда виждон ва эътиқод эркинлигини ҳақиқий маънода таъминлаш бўлди, десак хато бўлмайди. 

Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатда Қуръон мусобақаси ўтказилди. Ҳижоб ва соқолга нисбатан Ислом Каримов даврида бўлган муросасиз таъқиб анча кучсизланди. Диний уламолар қадрланди, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи абадийлаштирилди. Унинг номи билан масжид бунёд этилди. Тарихий мақбаралар, улуғ уламолар мангу қўним топган масканлар обод қилинмоқда. Тошкентнинг қоқ марказида Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилмоқда. 

Мамлакатда эсаётган диний эркинлик шабадаси сўнгги вақтларда нафақат сиёсий доиралар ва ҳуқуқ-тартибот органларининг диндорларга муносабатида, балки санъат аҳлининг чиқишларида ҳам кўринмоқда. Бир вақтлар тренд ва мода марказида бўлган, маънавият ҳақида сўз очиб, чиқишларида маънавиятсизликни тарғиб қилганлар, бугун тўғри йўлга қайтганини эълон қилмоқда. Мирзиёев даврида бир қанча хонандалар санъатни тарк этиб, ўзини бошқа соҳаларда синаб кўришга киришди. 

“Ниҳол” мукофоти совриндори Манзура Йўлдошева қарийб 25 йилдан буён санъатда. Куни кеча у ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ҳижоб ўрашни бошлаганини ва бундан буён тарбиявий аҳамиятга молик қўшиқлар куйлашини эълон қилди. Манзурага кўра, телевидениеларда ҳамон ҳижобга нисбатан айрим чекловлар мавжуд. 

“Албатта, рўмол ҳар бир аёлга безак ва фарз. Аллоҳга шукур, шундай бир гўзал вақтда, замонда яшаяпмиз. Рўмол ўраш энди норма, бизнинг соҳада ҳам. Бир неча йил аввал эса... No comments... Мен ҳам энди телевидение кўрсатувлари, тадбирларда рўмолда чиқаман. Албатта, телевидениенинг формати бор: рўмолни орқага ўраб чиқиш. 

Нимага бу соҳадан кетмайсиз деган саволга: тарбиявий қўшиқлар айтиш мумкин-ку. Ватан, она, саловатлар, нашидлар... Мен ҳам ўзимнинг кийиниш одобим, қўшиқларим билан ўрнак бўлсам... Ҳозирги пайтда фаҳш ва одобсизлик авж олган ва мукофотланаётган пайтда яхши амаллардан бири. 

Саҳнада санъаткор бўлиб қолгим келади, шоу-бизнес вакили эмас. Ўша даромадни ҳам очиқ-сочиқ, безанган бадан, кўриниш образлар билан эмас, самимийлик билан [топиш мумкин]. Ва албатта, секин-секин репертуар ўзгармоқда. Ўзимизнинг исломий тўйларда аёлларимиз учун хизмат қилиш насиб қилсин”, дея ўз кечинмаларини ёзади Манзура. 

Қайд этиш керак, яқин тарихда Ўзбекистонда Лола Йўлдошева, Манзура Йўлдошева, Райҳон Ғаниева каби аёл хонандалар клиплардаги образлари учун бир неча бор “Ўзбекконцерт” элагидан ўтказилган.  

Ўзбекистондаги виждон ва эътиқод эркинлиги юзасидан тортиб турилган жиловнинг бўшатилишини дунё ҳамжамияти, халқаро ташкилотлар ҳам олқишламоқда. 

Ўзбекистоннинг амалдаги Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом динига Биринчи Президент Ислом Каримовдан кўра бошқача қараяпти. Францияда яшаётган ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов собиқ Президент ва амалдаги давлат раҳбарининг Ислом динига муносабатини таҳлил қилиб, шундай фикрни билдирган.

“Каримов жамиятнинг диндорлик даражаси билан курашиб келди, Исломни қолоқлик ва ҳокимиятга қаршилик кўрсатиш мафкураси сифатида қабул қилди. Мирзиёев эса, ислом динини жамиятни руҳлантириш, жипслаштириш, эркинлаштириш учун восита сифатида кўряпти. Асосийси, Ислом ўзлиги ва анъанавийлигидан ҳайиқмайди. Фақат, диннинг жамият тараққиётига тўсқин бўладиган талқинига рози бўлмайди.

Бу маънода, Мирзиёев Ислом ва мусулмонлар билан курашишга мойил эмас, балки барча эркин ва тараққиётга мойил бўлган мусулмон давлатларидаги каби, радикал талқинларга қарши. Каримовни дунёқараши атеистик СССРда шаклланган эди. Мирзиёевни қарашлари эса, кўпроқ “перестройка” ва каримовча зиддиятлар даврида шаклланди. Асосийси, Президент Мирзиёев жамиятнинг диний эҳтиёжларини ҳис қиляпти, уларни қондириш учун давлат сиёсати даражасида имконият излаяпти. Яқинда қиз-жувонларни ўқув даргоҳларида ўраниб юришини ҳимоя қилувчи шахсни Олий таълим вазири сифатида тайинлаши ҳам, бу сиёсатнинг унсурларидан бири ҳисобланади”, деган сиёсатшунос.

Гап яна Ислом ва санъат хусусида бораркан, Мирзиёев президентлиги даврида Ўзбекистон халқ артисти Зуҳра Ашурова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева, хонандалар Манзура Йўлдошева, Дилдора Ниёзова, Мадина Мумтоз, актриса Севара Солиеванинг ҳижобга кирганини ва эмин-эркин фаолиятини давом эттираётганини урғулаш мумкин. Бу орада хонандалар Жаҳонгир Отажонов, “Уммон” гуруҳи хонандаси Шоҳруҳ, актёр Фаррух Соипов ҳам эътиқоди сабаб санъатни тарк этганини маълум қилдилар. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон эса хонандалик фаолиятини тугатиб, “Юрак амри” хайрия фондини ташкил этди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1204
Рейтинг: 3
t
×