Диққат! Пойтахт марказидаги йирик бепул автотураргоҳнинг тақдири турклар қўлига ўтди

Жамият 4575
image

Пойтахт Тошкентнинг Амир Темур ва Шаҳрисабз кўчалари кесишмасидаги чорраҳа ёнида, “Пойтахт” савдо-кўнгилочар маркази қаршисида жойлашган йирик бепул автотураргоҳ бугун, 4 декабрдан ёпилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” ёзмоқда. 

Автотураргоҳ ҳудуди бир неча ҳафта илгари ўраб олина бошланган эди. Энди эса у ерда “Диққат, хусусий ҳудуд. 2019 йил 4 декабрдан автомобилларнинг кириши тақиқланади” деган эълон осилган.

Эслатиб ўтамиз, роппа-роса бир йил аввал Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрининг марказий қисмида кўп тармоқли комплекс қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди.

Қарорга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Taşkent Merkez Park Gayrimenkul Yatirim Anonim şirketi” компанияси (Туркия Республикаси) ва “UzTur Investment and Development” МЧЖ (Ўзбекистон Республикаси) томонидан Тошкент шаҳрида “Tashkent Central Park” кўп тармоқли комплекси қуриш лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқулланганди.

Тошкентнинг қоқ марказида барпо этилиши режалаштирилган беш юлдузли меҳмонхона, савдо-кўнгилочар марказ ва тижорат банки айнан ушбу бепул автотураргоҳ ўрнида қурилади.

Шуни алоҳида айтиш керакки, ушбу жой 15-20 йилдирки Тошкентнинг энг гапвжум, энг қиммат ерларидан бири бўлган. Унга талабгор тадбиркорлар юзлаб топиларди. Автотураргоҳ ўрнида бино қуриш истаги билан мурожаат қилган кўплаб тадбиркорлар рад жавобини олиб келган. 
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 147
Рейтинг: 3
Теглар
t
×
×