Диққат “омикрон”нинг янги мутацияси кенг тарқаляпти! Ўзбекистон ССВ огоҳлантирмоқда
Саломатлик
−
14 Декабрь 2022
18551Ҳозир дунёда “омикрон”нинг BА.4 ва BА.5 версиялари етакчилик қилмоқда. Бугунги кунда Европада ушбу вируснинг BQ1.1 субварианти кенг тарқалмоқда. Мутахассислар унга “цербер” деб ном беришган. Мазкур мутация ўта юқумли ва иммунитетга осон “чап бериш” хусусиятига эга. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур вазиятни халқаро экспертлар икки ой аввал прогноз қилган. Ўшанда ноябрдан бошлаб янги мутациялар Европада доминантга айланиши айтилган.
Маълум қилинишича, “цербер” деб номланган янги мутация бир ҳафта ичида икки баравар кўпая олиши лаборатор текширувлар давомида тасдиқланган. Қолаверса, аввалги штаммларга нисбатан инсон ҳужайралари билан яхшироқ алоқага кириша олади. Шу боис ушбу вариантни юқтирганлар орасида шифохонага ётқизилиш ҳолатлари сезиларли даражада ортган.
Айни пайтда BQ1.1 Дания, Франция, Бельгия, Ирландия, Нидерландия ва Италияда шиддат билан тарқаляпти. Хусусан, Данияда ушбу янги субвариант уч ой ичида 0,5 фоиздан 40 фоизгача кўпайди. Келгуси ҳафталарда у мамлакат бўйлаб доминантга айланиши кутиляпти.
Шунингдек, АҚШда ҳам мазкур “кичик штамм” улуши 40 фоизга яқинлашган. Ваҳоланки, икки ой аввал бу кўрсаткич атиги 2 фоизни ташкил этаётган эди. Прогнозларга кўра, профилактик чора-тадбирлар кучайтирилмаса, ушбу янги мутация яқин келажакда дунё бўйича доминант версияга айланиши мумкин.
“Шу боис, мутахассислар, 60 ёшдан ошган, ёндош касалликларга чалинган ва иммунитети заиф кишилар, қолаверса, ҳомиладор аёллар биринчи навбатда бустер доза билан эмланиши зарурлигини таъкидламоқда”, дейилади вазирлик хабарида.
Соҳиба Комиловна
LiveБарчаси